Мутахассис жавоби

Жорий йил 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини моддий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Хўш, ушбу фармоннинг мазмун-моҳияти нималардан иборат? Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини моддий қўллаб-қувватлашда яна қандай қулайликлар яратилмоқда? Ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахсларга фармон билан қанча компенсация берилади? Ёши 100 га тўлган ва ундан ошган ижтимоий нафақа олувчи шахслар учун қанча миқдорда қўшимча тўлов белгиланди?

ЎзА мухбирининг мазкур саволларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Нозимжон ЖЎРАЕВ жавоб берди.

– Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини моддий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришда ушбу ҳужжат муҳим аҳамият касб этади. Негаки, давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонмала қўллаш бош мақсад қилиб олинган. Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, шу кунга қадар беш тоифадаги фуқаролар учун компенсация тўланган. Яъни, бу тоифага 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, уруш ногирони ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар (жумладан, байналмилалчи, тинчлик ўрнатувчи харбий хизматчилар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар, концлагер маҳбуслари, ЧАЭС ҳалокатида жабрланганлар, ядро ва радиация объектларида ҳарбий хизматни ўтаганлар ва 1941-1945 йиллардаги урушнинг меҳнат фронти қатнашчилари киради.

Фармонда кўрсатилганидек, 2022 йил 1 мартдан компенсация тўлови, уни олиш ҳуқуқига эга бўлган барча имтиёзли тоифадаги шахсларга, ушбу шахсларнинг пенсия (ижтимоий нафақа) олиши ёки олмаслиги ҳамда меҳнат фаолиятини олиб бориши ёки олиб бормаслигидан қатъий назар, тўлаб борилади. Бунда ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахслар учун ҳар ойлик компенсация тўлови – пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 45 фоизи миқдорида тўланади. Шунингдек, ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахсларга қўшимча тўлов жорий этиш белгиланган. Унда ёши 100 га тўлган ва ундан ошган ижтимоий нафақа олувчи шахслар учун ҳар ойда пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи миқдорида қўшимча тўлов амалга оширилиши кўзда тутилган.

Шу кунга қадар республикамизда 30 минг нафар байналмилалчига компенсация тўлаб келинаётган бўлса, ушбу фармонга асосан яна 30 минг нафарга яқин шахсларга компенсация бериладиган бўлди.

2022 йил 1 мартдан барча имтиёзли тоифага кирувчи (қўшимча 29,4 минг нафар) шахсларга, уларнинг пенсия (нафақа) олиши ёки меҳнат фаолиятини олиб боришидан қатъий назар, 130 минг сўмдан компенсация олиш ҳуқуқи берилади. Ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз 298 нафар шахсга 130 минг сўмдан компенсация тўлови жорий этилади.

Амалда ўзгалар парваришига муҳтож пенсионерларга компенсация тўланади. Ушбу фармон билан ёши 100 га тўлган ва ундан ошган ижтимоий нафақа олувчи 37 нафар шахсга ҳар ойда 289 минг сўмдан қўшимча тўлов тўлаб борилади.

Айтиш жоизки, ҳар ойда тўланадиган қўшимча тўлов пенсия ва нафақа тайинланган ташкилот орқали республика бюджети ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади, – деди Нозимжон Жўраев.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.