Вазирлар Маҳкамаси «Маданият, санъат ва спорт йўналишлари бўйича олий таълим муассасаларига кириш учун белгиланган имтиёзлар оптималлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорини эълон қилди.

Унга кўра, Ҳукуматнинг «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида»ги қарорининг айрим бандларига ўзгартиришлар киритилган. Жумладан, 4-илованинг 4-бандида «мусиқа» сўзи «рақс, театр, фольклор йўналишлари» сўзлари билан бойиган. 5-илованинг 1-бандидаги «спортнинг олимпия турлари, шу жумладан, спортнинг техник ва амалий турлари, «Кураш, миллий спорт тури, шахмат, шашка, автомобиль ва мототцикл спорти, спортнинг авиамодель ва ракетамодел» сўзлари «Олимпия ва паралимпия ўйинлари дастурларига киритилган спортнинг олимпия ва паралимпия турлари бўйича фақат олий таълим муассасаларининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги таълим йўналишлари» сўзлари билан алмаштирилади.

2- банд қуйидаги таҳрирда ўқилади:

«2.Республика (1 ўрин) ва халқаро танловлар ва спорт мусобақаларининг (Олимпия ва Паралампия ўйинлари дастурларига киритилган спортнинг олимпия ва паралимпия турлари бўйича Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатларида охирги тўрт йилда ҳамда республика чемпионатларида охирги бир йилда ғолиб ва совриндор (1-3 ўрин) индивидуал турларида ғолиб чиққан академик лицейлар, профессионал таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларининг битирувчилари олий таълим муассасасига тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинадилар, мусиқа, рақс, театр, фольклор, шунингдек тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларидаги танловлар бундан мустасно».

2-1 банд қуйидагича баён қилинади:

«2-1. Катталар ва ёшлар ўртасида Олимпия ва Паралимпия ўйинлари дастурларига киритилган спортнинг олимпия ва паралимпия турлари бўйича Олимпия ва Паралимпия, Осий ва Параосиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатларида охирги тўрт йилда ҳамда республика чемпионатларида охирги бир йилда ғолиб ва совриндорлар (1-3 ўрин) бўлган умумий ўрта таълим мактаблари, ўрта махсус профессионал таълим муассасаларининг битирувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатлар қабул қилиш бошлангунига қадар олий таълим муассасаларининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги таълим йўналишларига қўшимча давлат гранти асосида кундузги, сиртқи, кечки таълим шаклларига имтиҳон синовларисиз қабул қилинадилар»…

ЎзА