«Ҳуқуқий давлатни фуқароларнинг юксак ҳуқуқий маданиятисиз шакллантириб бўлмайди. Бироқ, ушбу йўналишда амалга оширилган ишларга назар ташланса, илгари кўпроқ зерикарли йиғилишу маърузабозликларга ҳам йўл қўйилган. Бугунги кунда эса бундай самарасиз усуллардан бутунлай воз кечилмоқда», – «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази директори Фурқат Тожиев билдирган бу фикрда жон бор.

Ҳақиқатан, бугун манзилли, самарали тарғибот усуллари кўзга яққол ташланаётир. Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб тайёрланаётган тарғибот материаллари электрон, босма усулларда тайёрланиб, манзилли равишда етказиб берилмоқда.

Масалан, марказ томонидан чоп этилган аёллар ҳуқуқларига оид қўлланмада опа-сингилларимиз билиши зарур бўлган барча ҳуқуқлар жамланган. Муҳими, унда содда ва тушунарли матн ва инфографикалардан фойдаланилган. Қиёсий жадваллар, қисқа тезислар ҳар қандай ўқувчига тушунарли.

Ҳуқуқий тарғиботда фуқаролар осонроқ тушуниши учун интерфаол усуллардан – викториналар, тест ва бошқа усуллардан ҳам кенг фойдаланилмоқда.

«Тараққиёт стратегияси» марказида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташкил этилганлигининг 30 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан «Ҳуқуқий ахборот тарқатиш замонавий босқичда» мавзуида ўтказилган давра суҳбатида шулар ҳақида сўз юритилди.

Адлия, прокуратура, суд, ахборот соҳаси вакиллари иштирок этган тадбирда ҳуқуқий ахборот тарқатиш самарадорлигини янада ошириш бўйича фикрлар билдирилди.

Аҳолига содда, тушунарли, равон тилда ҳуқуқий ахборот тарқатиш учун нима қилиш керак?

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бўлим бошлиғи Б.Тошхўжаевнинг қайд этишича, ҳуқуқий ахборот олинадиган тезкор ва ишончли манба ҳамда мана шу ҳуқуқий ахборотни тўғри тушуниб, керак бўлса, мазмунини бузмасдан аҳолига халқчил тарзда етказиб берадиган журналистлар керак. Ҳамма биладики, авваллари ҳуқуқий ахборотга эга бўлиш қийин эди. Қонун ҳужжатларининг очиқ ва бепул электрон базаси йўқ эди. Журналистга қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш киритилганми-киритилмаганми, билиш осон бўлмаган.

Ҳозирда lex.uzда барча ҳужжатлар бор. Huquqiy axborot телеграм канали орқали ҳам қонунчиликдаги янгиликларни ўқиб бориш мумкин. Қолаверса, ҳуқуқий идоралар ўз йўналишидаги ҳуқуқий ахборотларни ҳар куни янгилаб бормоқда.

Масаланинг иккинчи томони шундаки, етакчи ОАВ учун ҳуқуқий билимга, тажрибага эга журналист керак. Агентлик шуларни инобатга олган ҳолда Юристлар малакасини ошириш маркази, ТДЮУ, Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда ҳуқуқий мавзуда ижод қиладиган журналистлар учун бепул ўқув курсларини ташкил этди.

Тадбирда марказ томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба – LEX.UZ сайтида 100 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат жойлаштирилгани, бир ойда 1,5 миллион нафар киши ундан мунтазам фойдаланаётгани айтиб ўтилди. Шунингдек, замонавий ахборот технологияларидан, хусусан, интернет ва ижтимоий тармоқлар – telegram, facebook, instagram, YouTube орқали ҳуқуқий ахборотни кенг тарқатишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Шу билан бирга, аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлашда 290 мингдан ортиқ фойдаланувчи кузатиб борувчи «Ҳуқуқий ахборот» телеграм канали (@huquqiyaxborot)нинг ўрни катта бўлмоқда.

Барча аҳоли қатламларини бепул ҳуқуқий ахборот ва маслаҳат билан таъминлашни назарда тутувчи ўнга яқин ҳуқуқий сайтлар (advice.uz, Миллий ҳуқуқий интернет портали, bolahuquqlari.uz, test.adliya.uz, yurxizmat.uz, kurslar.huquqiyportal.uz, hudud24.uz) ишга туширилган.

Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахсларга турли ҳуқуқий ҳужжатларни автоматлаштирилган ҳолда электрон шаклда тайёрлаш ва эркин фойдаланиш имконини берувчи махсус ахборот тизими яратилган. Ушбу Legal Tech конструктор-платформаси орқали 500 дан ортиқ шартномалардан бепул фойдаланиш мумкин.

Тадбир якунида иштирокчилар ҳуқуқий телеканал ташкил қилиш, журналистикага оид олий ўқув юртларида ҳуқуқий журналистика факультетларини очиш, журналистлар учун маҳорат дарслари ташкил қилиш ва бошқа бир қатор таклифларни билдирди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА