Вазирлар Маҳкамаси Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади.

Тасдиқланган Низомга кўра, 2022/2023 ўқув йили қабулидан бошлаб техникумларда ўрта махсус таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-босқичдан ўқишни давом эттириш ҳуқуқига эга бўладилар. Ўқув контракт – тўлов асосида бўлади. Тўлов миқдори бир талабани ўқитиш билан боғлиқ харажатлар миқдоридан чиқиб белгиланади.

Техникумни муваффақиятли тамомлаган шахслар тоифаси (техникумдаги бутун ўқиш даврида ўқув семестрлари якунига кўра ўзлаштириш баҳолари “5 (аъло)” ва “4 (яхши)”, бироқ ўзлаштириш баҳоларининг камида 50 фоизи ( тиббий олий таълим муассасалари учун камида 85 фоизи) “5 (аъло)” бўлиши шарт.

Юқорида қайд этилган тоифага кирмайдиган, техникумни битирганига икки йилдан ошганлар ўқишга кириш истагини билдирганда, уларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш умумий белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

ЎзА