Олий Мажлис Сенати, ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) ҳамкорлигида “Болаларни республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш ва улар реинтеграциясининг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.


Тадбирда Республика ўқув-тарбия муассасаларидан чиқарилган болалар реинтеграцияси билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинди.

Маълумки, ёпиқ муассасалардан қайтган кўплаб ўспиринлар муайян ижтимоий муаммоларга дуч келади. Улар ота-она ёки оиланинг бошқа аъзолари, мактаб, ҳамжамият томонидан қабул қилинмаслиги мумкин. Демак, бундай болалар учун реинтеграция, хусусан, оилаларни қўллаб-қувватлаш хизматини яхшилаш жуда муҳим.

Шунингдек, озодликдан маҳрум қилиш фақат энг сўнгги чора сифатида имкон қадар қисқа муддатга қўлланилиши ва халқаро стандартга мувофиқ истисно ҳолатлар билан чекланиши лозимлиги иштирокчилар томонидан алоҳида таъкидланди.

“Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидаги болалар аҳволини ўрганиш уларнинг аксарияти қийин турмуш шароитига эга оилалардан эканини кўрсатади. Бундай оилаларнинг асосий муаммоси моддий қийинчилик, спиртли ичимлик ва психофаол моддалар истеъмол қилиш, доимий иш йўқлиги, оила аъзолари ўртасида жиддий руҳий касаллик учраши билан боғлиқ», – дейилади хабарда.

Йиғилишда қийин аҳволдаги оилаларни эрта аниқлашга эътибор қаратилса, бу борада тегишли профилактика ишлари олиб борилса, маҳалла ва мактабларда шундай тадбирлар мунтазам ўтказилса, болалар ҳимояланиши, уларнинг фаровонлиги ошиши айтиб ўтилди.

Учрашувда норматив-ҳуқуқий базани, тармоқлараро ҳамкорликни такомиллаштириш, тегишли мутахассислар салоҳиятини ошириш, ҳамжамият даражасида оилани қўллаб-қувватлаш хизматини кучайтириш, зарарли гендер нормаларини бартараф этишни давом эттириш, ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ хатарларнинг олдини олиш бўйича мониторинг юритиш, самарадорликни баҳолаш ишини ҳужжатлаштириш ва бошқа тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

ЎзА