Ўтган 2021 йилнинг энг қувончли воқеаларидан бири, бу – 17 ёшли юртдошимиз Нодирбек Абдусатторов шахматнинг рапид йўналишида Жаҳон чемпионлигини қўлга киритгани бўлди. Тугаётган йил охиридаги бу ғалаба бутун юртдошларимизнинг кайфиятини кўтариб юборди. Миллий Олимпия қўмитасида Нодирбек Абдусатторовни тақдирлаш маросими ташкил этилди.

Аҳамиятлиси, ёш ва навқирон вакилимизнинг мазкур ғалабаси бир неча кун давомида спорт оламини, хусусан, шахмат дунёсини ларзага келтирди. Дунёнинг кўплаб ОАВлари орқали бу хабар яшиндек тарқалди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Нодирбек Абдусатторовга «Мард ўғлон» давлат мукофоти берилиши тўғрисидаги фармонни имзолади. Шунингдек, чемпионимизга давлатимиз раҳбари номидан Тошкент шаҳридан икки хонали уйнинг калити топширилди. Шу билан бирга, Нодирбек Абдусатторовга 250 миллион, унинг мураббийлари Жаҳонгир Воҳидов ҳамда марҳум Дмитрий Қаюмовнинг оиласига 100 миллион сўмдан пул мукофотлари топширилди.

К.Бекжонов, Н.Абдувоитов (видео), ЎзА