Давлат раҳбари топшириғи билан республикамиз вилоятлари Қорақалпоғистондаги туманларга бириктирилган бўлиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ёрдам беради. Мазкур янги ташаббусга кўра, Самарқанд вилояти Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус туманини ўз тажрибаси асосида янада ривожлантиришга кўмаклашади.

Шу мақсадда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги бир гуруҳ масъуллар, тадбиркорлар Нукусда бўлиб, маҳаллий раҳбарлар билан биргаликда туманни 2022-2024 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ишчи гуруҳ аъзолари туманнинг мавжуд имкониятларини ўрганиб, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди. Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра самарқандлик тадбиркорлар томонидан Нукусда боғдорчилик, балиқчилик, паррандачилик, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда метал профилларни ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилди.

Самарқанд вилояти вакиллари тумандаги эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлашга ва уларни моддий рағбатлантириш учун ташкил этилган байрам тадбирида иштирок этиб, 500 оилага совғалар улашди.

 

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА