Нукус шаҳрининг Отчопар майдонида Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов сўзга чиқиб, йиғилганларни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами билан табриклади. Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табриги билан бир қаторда қишлоқ хўжалигини модернизация ва диверсификациялаш, ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш, халқни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, фермер ва кластерларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар хусусида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбаси юртимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик деҳқон-фермерларимиз, қишлоқ халқига катта куч-ғайрат бағишлаб, йилнинг машаққатли келишига қарамасдан пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштириб келмоқда.

Байрам томошалари арқон тортишув беллашуви билан бошланди. Унда Чимбой тумани биринчи, Қўнғирот тумани иккинчи, Шўманой тумани жамоаси учинчи ўринни эгаллаб, ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Бош байроқ учун майдонда Шўманой туманидан Мийирбек Абдихалиқов ва Хўжайли туманидан Зарапатдин Турдимуратов беллашди. Бир-бирига муносиб полвонлар беллашувида Зарапатдин Турдимуратов ғалаба қозонди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов полвонга бош байроқ – Президент совғаси “Jentra” автомашинасини тантанали равишда топширди. Сўнг бир нечта вазн тоифасида полвонлар беллашиб, ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Қўчқорлар уруши ҳам томошабинларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Ҳар бир ғолиб бўлган қўчқор эгаларига қимматбаҳо совғалар топширилди.

Шундан сўнг бир, уч, беш, етти, ўн айланишга отлар юборилди. Унда Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Оролбўйининг барча туманларидан келган моҳир чавандозлар ташкилотчилар томонидан қўйилган қимматбаҳо совғалар учун майдонга тушди. Айниқса, ўн айланишдаги от чопиш барчанинг диққат марказида бўлди. Маррага биринчи бўлиб келган Тошкент шаҳридан Аваз Исмаиловнинг оти бош байроқни қўлга киритди. Унга Президент совғаси – “Jentra” автомашинаси топширилди. Кейинги ўрин соҳиблари мототцикл, музлаткич, телевизор, гилам каби қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Шунингдек, «Қиз қувиш», «Танга олиш», «Кўкпар» мусобақалари ғолиблари аниқланиб, уларга ҳам қимматбаҳо совғалар топширилди.

– Якунланаётган йил соҳа ходимлари учун муваффақиятли бўлди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бўлим бошлиғи, «Дўстлик» ордени соҳиби М.Қурбаниязов. – Соҳани модернизация қилиш, яъни ерларни лазер ёрдамида текислаш, томчилатиб суғориш ва бошқа янги усулларнинг жорий этилиши ҳосилдорликни оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бугунги кунда пахтачиликда 10 та, ғаллачиликда 30 та кластер корхонаси фаолият олиб бормоқда. Бунинг барчаси Президентимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги ифодасидир.

Байрам давомида деҳқонларимиз томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсуотлари ярмаркаси намойиш этилди. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон санъат усталари ижросидаги концерт дастури байрам иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишлаб ўтказилган байрам томошалари халқ сайли билан давом этди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА