16 декабрь куни Сеул шаҳрида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Дастурий таъминот ва IT технологиялар парки ўртасида иккита янги лойиҳа битими имзоланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига ташрифи доирасида бўлиб ўтган ушбу тадбирда KOICA вице-президенти Им Жонг Хи, Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ҳамда IT Park бош директори Фарҳод Ибрагимов иштирок этди.

KOICA ва Мактабгача таълим вазирлиги ўртасида имзоланган дастлабки “Ўзбекистонда кадрларни тайёрлаш, ўқитиш ва ривожлантириш комплекс марказини қуриш орқали мактабгача таълим педагог кадрлари салоҳиятини ошириш” лойиҳаси 2021-2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, мазкур дастур учун беғараз 11 миллион доллар маблағ жалб қилинади.

Ушбу ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад мактабгача таълим сифатидаги тафовутни билим маркази комплексини ташкил этиш орқали қисқартириш, намунавий боғчалар орқали сифатли мактабгача таълим хизмати кўрсатишдир.

Лойиҳада, жумладан, зарур ускуналар билан жиҳозланган билим маркази қуриш, мактабгача таълим педагог кадрлари учун малака ошириш дастурларини амалга ошириш, тарбиячилар учун ўқув дастури бўйича қўлланмалар ишлаб чиқиш, зарур жиҳозлар билан таъминланган намунали мактабгача таълим ташкилотини қуриш сингари муҳим йўналишлар акс этган.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги IT Park билан бирга “Ўзбекистонда IT Parkнинг барқарор ривожланиши асосларини шакллантириш ва салоҳиятини ошириш” лойиҳасини ҳам амалга оширади. Тўрт йиллик дастурга асосланадиган мазкур лойиҳа учун 4,5 миллион доллар ажратиладиган бўлди.

Бу жараён мамлакатимизда IT-саноати тараққиёти учун пойдевор қўйиш, соҳада фаолият кўрсатаётган компаниялар рақобатбардошлигини ошириш, бошқарув стратегиясини яратиш орқали институционал имкониятни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Ҳужжатларни имзолаш маросимидан сўнг томонлар келгуси режалар хусусида музокара олиб борди. Шунингдек, мактабгача таълим ва ахборот технологиялари соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.

 

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА