“Тараққиёт стратегияси” марказида марказнинг Туркиядаги нуфузли ҳамкори “Мармара групп” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ва Туркия дипломатик муносабатларининг 30 йиллиги: ўзаро манфаатли ҳамкорлик динамикаси ва истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Учрашувда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари, ўзаро манфаатли икки ва кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу давра суҳбати 2021 йилнинг 8 июль куни Туркияда бўлиб ўтган Евроосиё иқтисодий саммити доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Туркиянинг “Мармара групп” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида имзоланган Англашув меморандуми доирасида ташкил этилди.

Дастлаб, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўзининг кириш сўзида сўнгги йилларда Ўзбекистон олиб бораётган фаол ташқи сиёсат натижасида нафақат Марказий Осиё, балки бошқа минтақалар давлатлари билан ҳам ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётгани, Туркия Республикаси Ўзбекистон ташқи сиёсатида алоҳида ўринга эга эканлиги, ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам Туркия ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутиши, Ўзбекистон бугунги кунда Туркиянинг Марказий Осиёда энг асосий шерикларидан бири ҳисобланишини алоҳида эътироф этиб ўтди.

Шунингдек, иштирокчилар томонидан сўнгги беш йил давомида икки мамлакат ўртасида хавфсизлик ва мудофаа, савдо ва иқтисодиёт, инвестиция, туризм, энергетика, транспорт ва транзит, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, маданият, таълим, фан ва техника, инновация, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқалар янада кенгайтиришга қаратилган кўп томонлама алоқалар жадал ривожланиб бораётганлигига урғу берилди.

– Ушбу ташриф билан Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги фуқаролик жамияти муносабатларини янада ривожлантиришга қаратилган янги саҳифани очмоқдамиз, – дейди Туркиянинг “Мармара групп” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси президенти Аккан Сувер. – Сўнгги вақтларда икки мамлакат Президентлари саъй-ҳаракати билан ўзаро муносабатлар умумий тарих ва маданий мерос даражасидан стратегик шериклик даражасига кўтарилмоқда. 35 миллионга яқин аҳолиси, геостратегик мавқеи, бой тарихи, маданий қадриятлари ва иқтисодий салоҳияти билан Ўзбекистон минтақавий тинчлик ҳамда барқарорлик нуқтаи назаридан муҳим ўрин тутади. Туркия давлатининг барча соҳаларда ҳамкорликни такомиллаштиришга катта аҳамият бераётгани ва қардош Ўзбекистон билан муносабатларини янада ривожлантириш истагидан келиб чиқиб, “Мармара групп” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси бу муносабатларни биргаликда янада жадаллаштиришдан манфаатдордир.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Туркия инвестицияси иштирокида 1300 дан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда. 2016 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, пандемиядан аввал ушбу кўрсаткич 2,5 миллиард доллардан ортиққа етди. Айни вақтда икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажмини 5 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.

Шу билан бирга, парламентлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, парламентларнинг қонун ижодкорлиги ҳамда парламент назорати шакллари бўйича ўзаро тажриба алмашишини йўлга қўйиш мақсадида “Ўзбекистон–Туркия” парламентлараро дўстлик гуруҳи фаолият кўрсатмоқда.

Ўзаро самимий ва дўстона мулоқот шаклида бўлиб ўтган тадбир якунида Ўзбекистон – Туркия муносабатларини ривожланиш босқичларида икки мамлакат “ақл марказ”лари фаолиятини янада кенгайтириш, жумладан қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини йўлга қўйиш, илмий-амалий конференцияларни ташкил этиш ҳамда кадрлар малакасини ошириш ва тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйишга келишиб олинди.

 

Файзулло Яҳёев, ЎзА