Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги фавқулодда ва мухтор элчиларидан иборат делегациянинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида мамлакатимизнинг Италия давлатидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Отабек Акбаров Амударё туманига ташриф буюрди.

Элчи туманда қурилаётган кўприк ва темир йўл қурилиши ишлари билан танишди. Туманда инвестиция дастури доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиш мақсадида “Амударё томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган томорқачилик кластери ва “MANGIT XOLODELNIK” масъулияти чекланган жамиятининг музлаткичли омборхона ташкил этиш лойиҳаларини кўздан кечирди.

Ҳокимлик мажлислар залида томонлар ва салоҳиятли тадбиркорлар иштирокидаги учрашувда туманнинг асосий иқтисодий кўрсаткичлари, инвестицион салоҳияти, амалга оширилаётган ва истиқболли лойиҳалар тўғрисида тақдимот ўтказилиб, батафсил маълумот берилди. Жумладан, туманда интенсив боғлар ташкил қилиш, мева-сабзавотни қайта ишлаш каби лойиҳаларни амалга ошириш учун мавжуд шароитларни инобатга олиб, инвесторларни жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Ташриф давомида тумандаги тадбиркорлик субьектлари билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш орқали джем, пюре, шарбат ишлаб чиқариш каби лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Ҳозирда ушбу лойиҳаларни амалга оширишда хорижий инвесторлар аниқланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ўтган йилнинг 23 декабр куни Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ҳудудларнинг инвестиция ва экспорт салоҳиятини ошириш, янги экспорт бозорларини топиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Сингапур, Италия ҳамда Хитой Халқ Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчилари  туманга ташриф буюрган эди.

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси томонидан тумандаги ишсиз аёллар бандлигини таъминлаш ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида тикув машиналари берилди. Ушбу тикув машиналардан фойдаланган ҳолда тумандаги “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган 10 нафардан ортиқ ишсиз хотин-қиз касбга ўргатилиб, бандлиги таъминланди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА