Тошкентда 14 декабрь куни “2021 йилнинг августидан кейинги даврда Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик муаммолари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиё халқаро институти томонидан Россия Федерациясининг A.М.Горчаков номидаги Халқ дипломатиясини қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан ҳамкорликда “Марказий Осиё мактаби” илмий-таълим дастури доирасида ташкил этилди.
Анжуманда Марказий Осиёнинг барча давлатлари, шунингдек, Россиянинг бир қатор ҳудудлари, жумладан, Москва, Санкт-Петербург шаҳарлари, Узоқ шарқ федерал округидан халқаро муносабатлар ва дипломатия, ҳуқуқшунослик, бизнес ва сиёсат соҳаларига ихтисослашган олий ўқув юртлари, стратегик таҳлил, илмий-амалий тадқиқот марказлари, вазирлик, идоралар, жамоат бирлашмалари вакиллари, Ўзбекистондан Марказий Осиё халқаро институти, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Касаба уюшмалари федерацияси, Миллий университет, Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, нодавлат илмий марказлар раҳбарлари, мустақил экспертлар ва талабалар иштирок этди.
Дастлаб Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Носиров конференция қатнашчиларига сўнгги йилларда минтақамизда, хусусан, мамлакатимизда юз бераётган кенг кўламли ижобий ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.
Дарҳақиқат, таъкидланганидек, минтақада янгича дўстона сиёсий муҳит шаклланишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувини ўтказиш тўғрисидаги ташаббус беқиёс аҳамият касб этганини инкор қилиб бўлмайди. Зеро, айнан дўст ва қардош қўшни мамлакатлар етакчилари иштирокида олий даражадаги учрашувлар мунтазам тус олиши туфайли минтақамизнинг улкан салоҳиятидан унумли фойдаланиш имкониятлари кенгайди.
– Давлатларимиз ўртасида ўзаро ишонч мустаҳкамланиб, шериклик изчил ривожланиши натижасида минтақамиз борган сари жаҳон ҳамжамияти эътиборини ўзига жалб этмоқда, – деди, жумладан, А.Носиров. – Барча йўналишлар бўйича икки ва кўп томонлама шаклдаги ҳамкорлик фаоллашаётгани кузатиляпти.
Бугунги кунда Марказий Осиё глобал майдонда борган сари алоҳида мамлакатлар эмас, балки нафақат узвий тарих, маданият, анъаналар ва қадриятлар, қолаверса, умумий сиёсий, савдо-иқтисодий манфаатлар бирлаштириб турган яхлит, жипслашган ҳудуд сифатида намоён бўлмоқда. Табиийки, айнан барқарорлик Марказий Осиёни иқтисодий ўсиш марказларидан бирига айлантирмоқда. Халқаро экспертлар фикрига кўра, минтақанинг умумий ЯИМ ҳажми охирги тўрт йилда 25 фоиз ўсиб, 300 миллиард доллардан ошган.
Конференция дастурига мувофиқ, мутахассисларнинг “Янгича Марказий Осиё. 2021 йил августдан кейин минтақада нима ўзгарди?”, “Марказий Осиё дунёвий тартибнинг янги шаклланаётган геосиёсий харитасида”, “Марказий Осиёнинг келажак тимсоли – ёш тадқиқотчилар нигоҳи” мавзулари бўйича маърузалари тингланди. Халқаро миқёсда танилган, етакчи сиёсатшунослик марказлари эътирофини қозонган алоҳида ҳурматга сазовор олимлар, экспертлар, шунингдек, келажак фаолиятини минтақамиз билан боғлашга қарор қилган ёш изланувчилар, талабалар Марказий Осиёдаги жараёнларга оид кузатувлари, ўрганиш натижалари бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Албатта, Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва тараққиёти кўп жиҳатдан Афғонистондаги вазият барқарорлашуви билан боғлиқ. Ўзбекистон раҳбарияти бу борада доимо инсонпарварлик тамойилига асосланган қатъий позициясини билдириб келган. Давлатимиз раҳбари жаҳон ҳамжамияти эътиборини Афғонистонга нисбатан мамлакатни гуманитар инқироздан чиқариш, тинчликпарвар жамоатчиликка қўшишга қаратилган ягона ёндашув ишлаб чиқиш муҳимлигига қаратиб келмоқда. Анжуман иштирокчилари ҳам ушбу масалага алоҳида урғу беришди.
– Кейинги йилларда Марказий Осиёда минтақавий муносабат жуда фаоллашди, – дейди Москва давлат университети Ахборот-таҳлил маркази директори Дарья Чижова. – Бу жараёнда мамлакатларнинг ўзаро алоқалари ва кўп томонлама шериклик бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Бундан ташқари, охирги ойларда Афғонистонда юз берган воқеалар туфайли юзага келган вазият ҳам Марказий Осиё давлатлари интеграциясини кучайтиришни тақозо этмоқда.
Қолаверса, бошқа минтақалар ёки дунёнинг етакчи давлатлари, масалан, Хитой, Россия, АҚШ сингари мамлакатлар билан ҳамкорликка ҳам эътибор қаратиш зарур. Шу маънода мазкур анжуманда кўтарилаётган масалалар, таҳлил қилинаётган мавзулар, муаммолар минтақа доирасидан чиқиб, глобал аҳамият касб этади. Демак, Тошкентда Марказий Осиё ва Россиянинг кўзга кўринган таҳлилчилари, сиёсатшунослари жуда муҳим ва долзарб масалалар юзасидан мунозарага киришди.
Ушбу халқаро конференция кун тартибидаги масалалар бўйича томонлар бир-бирларини янада яхшироқ тушунишларига ёрдам берди. Якунда муҳокама қилинган минтақавий шерикликка оид мавзулар, билдирилган фикр-мулоҳазалар юзасидан тегишли таклиф, тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА