Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ)нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшон Хон билан учрашув ўтказди.

Меҳмон мамлакатимизга Жаҳон болаларни ҳимоя қилиш куни ва ЮНИСEФнинг 75 йиллигига бағишланган “Ногирон болалар учун инклюзивликни таъминлаш” халқаро веб-форумида иштирок этиш учун ташриф буюрган.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва ЮНИСEФ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда яқин истиқболдаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

ЮНИСEФ раҳбарига Ўзбекистонда болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда мустаҳкамлаш, таълим тизимини такомиллаштириш, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган амалий чора-тадбирлар юзасидан атрофлича маълумот берилди.

Ўз навбатида, Афшон Хон Ўзбекистон ҳукумати томонидан фуқаролар, айниқса, можароли ҳудудлардан аёллар ва болаларни қайтариш, уларнинг жамиятга қайта мослашувини таъминлаш, қайтарилган фуқароларга зарур шарт-шароит яратиш мақсадида амалга оширилаётган «Меҳр» инсонпарварлик акциясини олқишлади.

Учрашувда Жамғарманинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон бўйича янги ҳамкорлик дастури доирасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Ташқи ишлар вазирлиги

матбуот хизмати