Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съезди бўлиб ўтмоқда. Унда Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури – Янги Ўзбекистон стратегиясининг асосий йўналишлари бўйича маъруза қилмоқда.

Давлат раҳбари мамлакатимиздаги янгиланишларнинг асосий йўналишлари ва ғояси ҳақида қуйидагиларни таъкидлади:

Бизнинг ҳаракатларимиз Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби буюк аждодларимизнинг давлат ва халқ бирлиги, инсонпарварлик ва адолат устуворлиги ҳақидаги юксак ғояларига таянади.

Шу асосда, халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, парламентаризмни ривожлантириш ва давлат органлари ҳисобдорлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва адолатга асосланган, одамлар манфаатига хизмат қиладиган, халқпарвар қарорлар қабул қилиш тизими шакллантирилди. Энг муҳими, биз кўп йиллар давомида амал қилиб келинган “давлат – жамият – инсон” тамойилини ўзгартирдик.

Мамлакатимизда аввало инсон, кейин эса, жамият ва давлат манфаати барча ҳаракатларимизнинг негизига қўйилди. Ҳаётимизда “Давлат – инсонлар учун” деган халқчил ғоя, изчиллик билан қарор топиб бормоқда.

 

ЎзА