Ўзбекистонда буюк аждодларимиз анъаналарини давом эттирган ҳолда, ислом олами билан муштарак қадриятларимизни асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистонда Имом Бухорий номидаги халқаро ҳадисшунослик маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Халқаро ислом академиясини ташкил этилди.

Шунингдек, янги турдаги таълим масканлари, хусусан, Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Биргина 2020 йилда юртимизда математика фани бўйича 56 та, кимё-биология фани бўйича 28 та, информатика ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича 14 та  ана шундай мактаблар ташкил этилди.

Юртимизда сўнгги 5 йилда 64 та янги олий таълим даргоҳи очилиб,   уларнинг сони   141 тага етказилди.

Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати билан биргаликдаги

“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида қарийб 600 минг ёшларимизга   замонавий ахборот технологиялари бўйича чуқур билим берилмоқда.

– Бугун инсоният катта синовларни бошидан кечираётган бир вақтда,   давлатларимиз коронавирус пандемиясининг иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини   енгиб ўтиш бўйича   таъсирчан чоралар кўриш зарурлигини   ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Пандемия биз фақат узвий ҳамкорлик ва ўзаро кўмаклашиш орқали   замонавий муаммоларга қарши тура олишимиз мумкинлигини кўрсатди. Дарҳақиқат, Қуръони каримнинг Шарҳ сурасида айтилганидек: “Машаққат ортида албатта, енгиллик бордир”. Яъни, жаҳон миқёсида ҳануз давом этаётган пандемия – бу нафақат катта синов, балки ҳамкорлигимизни  янги босқичга олиб чиқишга шароит яратадиган имконият сифатида қабул қилиниши лозим, – деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари инқирозга қарши ишлаб чиқилган чораларни ўз вақтида қўллаб-қувватлагани учун Ислом тараққиёт банки раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Бугунги кунга қадар банк томонидан Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ ва сув хўжалиги, ичимлик суви таъминоти, йўл инфратузилмаси ҳамда қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар қуриш учун жами

2,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 30 та йирик инвестиция лойиҳалари   маъқулланган.

Президент Ислом тараққиёт банки ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукуматининг кўмаги билан мазкур анжуман доирасида Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайдиган янги лойиҳа – Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармасини   ташкил этиш бўйича келишув имзоланганини қайд этди.

Капитали 500 миллион долларга  етказилиши кўзда тутилган мазкур жамғарма   ёшларимиз, аёлларимиз   ва қишлоқ аҳолисини  тадбиркорликка жалб қилиш учун   зарур шароитлар яратишга хизмат қилади.

 

ЎзА