Тошкентда Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши 46-йиллик йиғилишининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
– Юртимизнинг ислом дунёси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси буюк Амир Темур ҳукмронлиги даврида янада ёрқин намоён бўлди.
Соҳибқирон бобомиз пойтахти Самарқанд бўлган ўз даврининг энг қудратли давлатини барпо этди.
Ўз таркибига бепоён ҳудудларни қамраб олган ушбу улкан салтанат ўша даврдаги ислом дунёсининг асосий минтақаларида иқтисодий ва маданий тараққиётни юксак чўққиларга олиб чиқди.
Айнан ана шундай мустаҳкам пойдеворга, Шарқ уйғониш даврида бутун мусулмон олами эришган улкан илмий, фалсафий ва маданий салоҳиятга таяниб, бизнинг улуғ боболаримиз ҳам ўзларининг буюк кашфиёт ва ихтироларини яратганлар.
Бу ҳақда гапирганда, дунё коронавирус пандемияси билан тўқнашганда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти биринчи навбатда Абу Али ибн Сино тавсия қилган карантин усулларидан фойдаланишга чақирганини эслаш ўринлидир.
Бундан минг йил олдин бу улуғ ҳаким “Тиб қонунлари” китобида юқумли касалликлар тарқалишини камайтириш учун 40 кунлик карантин зарурлигини таъкидлаган эди.
Бағдоддаги машҳур “Байт ал-Ҳикма” илмий академиясини бошқарган яна бир ватандошимиз Муҳаммад Ал-Хоразмий илк маротаба рақамлар қаторига “ноль” белгисини киритиб, математиканинг янги йўналиши, яъни “алгебра”га асос солган.
Шунингдек, замонавий “IT” соҳасининг фундаментал “алгоритм” тушунчаси ҳам ана шу улуғ аждодимиз Ал-Хоразмий номи билан боғлиқдир.
Самарқанд ҳукмдори, буюк астроном Мирзо Улуғбек 1018 та юлдузнинг координатлари аниқ кўрсатилган, бир неча асрлар дунёнинг олий таълим даргоҳларида дарслик бўлиб хизмат қилган “Зижи Кўрагоний” жадвалини тузган.
Геодезия фанининг “отаси” ҳисобланадиган Абу Райҳон Беруний бундан минг йил олдин биринчи глобус ва Ернинг энг аниқ харитасини яратган.
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин, – деди Шавкат Мирзиёев.