“Янги Ўзбекистон” боғида давом этаётган давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбирида давлатимиз раҳбари мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган инвестициявий лойиҳалар ҳақида сўз юритди.

– Айни пайтда Ўзбекистонда кўплаб йирик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шулар қаторида, яқинда Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг қиймати 2 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишига тамал тоши қўйилганидан барчангиз хабардорсиз.

Куни кеча Навоий вилоятининг Кармана туманида 110 миллион доллар инвестиция ҳисобидан ишга туширилган қуёш фотоэлектр станцияси Ўзбекистон энергетика тизимида биринчи улкан қадам бўлди.

Айни пайтда “Навоийазот” акциядорлик жамиятида иккита янги завод – азот кислотаси ҳамда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилди. Умумий қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган ушбу лойиҳалар эвазига “Навоийазот”да маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 3 баробарга ошади.

Бундай муҳим воқеалар миллий саноатимиз тарихида янги давр бошланаётганидан далолат беради. Юртимизда кичик ва хусусий бизнес субъектлари икки баробар кўпайиб, соҳада 1 миллион 400 мингта янги иш ўрни яратилди. Бу корхоналарнинг ярмидан кўпроғи кейинги уч йилда ташкил этилгани алоҳида аҳамиятга эга.

Тадбиркорлик фаолиятини эркинлаштириш мақсадида 16 та қонун, 100 дан зиёд қарор қабул қилинди. Ўтган бир йил давомида лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди ҳамда уларни бериш муддатлари қисқартирилди.

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида барча текширувлар учун мораторий эълон қилинди.

Шунингдек, ўзини ўзи иш билан банд қилган аҳоли учун қулай шароит яратиш натижасида бир йилда 500 минг нафар фуқаро рўйхатдан ўтиб, фаолиятини қонуний асосда йўлга қўйди.

Тадбиркорлик соҳасидаги мана шундай ёндашув натижасида Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш” халқаро рейтингида Ўзбекистон беш йил ичида 141-ўриндан 69-ўринга кўтарилди.

Албатта, бу жиддий кўрсаткич, аммо у ҳали бизни қониқтирмайди. Шунинг учун биз ушбу йўналишдаги ишларимизни изчил давом эттирамиз, – деди Президентимиз.

Тантанали байрам тадбири давом этмоқда.

ЎзА