Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Токиода бўлиб ўтган XXXII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон спорт делегацияси вакиллари билан учрашувдаги нутқи
Ассалому алайкум, азиз дўстлар!
Қадрли олимпиячилар, ғолиб ва совриндорлар!
Муҳтарам ота-оналар, устоз ва мураббийлар!
Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Олимпия ўйинларида қўлга киритган улкан, том маънода тарихий ғалабаси билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Албатта, барчамиз дунёдаги энг нуфузли ана шу мусобақаларда Ўзбекистон вакилларининг ҳар бир чиқишини “ойнаи жаҳон” орқали катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб бордик.
Ўз навбатида, мард ва жасур спортчиларимиз ҳам бундай юксак ишончни оқлаб, халқимизга ёрқин ғалабаларни тортиқ этдилар. Ҳеч шубҳасиз, бу Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик шонли байрамига муносиб совға бўлди.
Олимпиадада спортчиларимиз юксак шоҳсупаларга кўтарилиб, 3 та олтин ва 2 та бронза медални қўлга киритдилар.
Ҳаммамизга аёнки, халқаро олимпия ўйинларида ер юзининг энг зўр, манаман деган спорт усталари иштирок этади.
Буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, шерга қарши шердек курашиш, жанг қилиш керак.
Сизлар дунё тан олган спортчилар билан мардона олишиб, уларнинг ўзини ҳам, улар эришган натижаларни ҳам ортда қолдириб, 3 та Олимпия рекордини янгилаб, жаҳон спортида ҳам ёрқин саҳифа очдингиз.
Мамлакатимиз жамоаси 200 дан зиёд давлатдан келган энг кучли спортчилар орасида умумжамоа ҳисобида – ўттиз иккинчи, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида – иккинчи, Марказий Осиёда эса – биринчи ўринни эгаллади. Бу, чиндан ҳам, ўзбек спорти тарихидаги улкан натижадир.
Ғолиб фарзандларимиз шаънига мадҳиямиз янграб, Ватанимиз байроғи баланд кўтарилган дамларда барчамизнинг қалбларимиз чексиз ғурурга тўлди.
Бугунги тантанали маросимда иштирок этаётган қаҳрамон ўғлонларимиз – Токио олимпиадаси ғолиблари ҳақида ҳар қанча фахрланиб гапирсак арзийди, албатта.
Жамоамизга илк олтин медални тақдим этган 19 ёшли спортчимиз, таэквондо устаси Улуғбек Рашидовга ва унинг даврамизда иштирок этаётган ҳурматли отаси Исматилла Рашидов ҳамда онаси Оксана Даниленкога эл-юртимиз номидан ташаккур билдирамиз.
Улуғбек Ўзбекистон тарихида Олимпия олтин медалини қўлга киритган энг ёш спортчи сифатида ном қозонди.
Маҳоратли полвонимиз Акбар Жўраевнинг умумий ҳисобда 430 килограммлик маррани эгаллаб, Олимпия рекордини ўрнатгани ва иккинчи олтин медални қўлга киритгани барчамизга улкан қувонч бағишлади.
Мана шундай мард ва паҳлавон йигитни тарбиялаган Акбаржоннинг онаси Норматова Ҳафизахон синглимизга самимий раҳматимизни айтамиз.
Алпомишлар юрти – Сурхон заминида туғилган енгилмас спортчимиз Баҳодир Жалоловни ҳаммамиз яхши биламиз. Исми жисмига мос бу азамат йигит ва унинг меҳрибон онаси Сабоҳат Жалоловани барчамиз қизғин қутлаймиз.
Мен улар билан аввал ҳам учрашиб, самимий суҳбатлашганимни ҳамиша яхши таассуротлар билан эслайман.
Истеъдодли боксчимиз ўтган вақт давомида ўз устида тинимсиз ишлаб, ёшларга намуна бўлди. Баҳодир азиз онасига, халқимизга берган ваъдасининг устидан чиқиб, Ватанимизга учинчи олтин медални туҳфа қилди. Шу тариқа ўзбек бокс мактабининг шон-шуҳратини янада юксак босқичга олиб чиқди.
Миллий дзюдо мактабимизнинг забардаст вакили Давлат Бобонов ва маҳоратли эркин курашчимиз Бекзод Абдураҳмоновни кескин беллашувларда бронза медалларини қўлга киритганлари билан қутлаймиз.
Бугун даврамизда Давлатжоннинг ота-онаси Ҳусниддин ака ва Нурияхон опа, Бекзоджоннинг отаси Муҳаммаджон Абдураҳмонов ва онаси Муҳаббатхон иштирок этишяпти.
Мана шундай ботир ўғлонларни тарбиялаб вояга етказгани учун уларнинг ота-оналари ва устозларига чин юракдан ташаккур изҳор этамиз.
Томирларида Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд, Заҳириддин Бобур каби буюк аждодларимизнинг куч-ғайрати жўш уриб турган, уларга ҳар томонлама муносиб бўлган авлодгина бундай улкан ишларга қодир бўлади.
Бугунги кунда бутун Ўзбекистон сизлар каби баҳодир ўғлонларини олқишламоқда, жаҳон аҳли сизларга тан бермоқда.
Мен доимо бир фикрни такрорлашдан чарчамайман. Биз ўзимизнинг ҳалол меҳнатимиз, ақл-заковатимиз, қатъият ва иродамиз билан дунё аҳли бизни тан олиши, эътироф этишига эришишимиз керак. Янги Ўзбекистонни янги ғалабалар билан бутун дунёга танитаётган спортчиларимизнинг беқиёс ютуқлари мана шу йўлда яна бир муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.
Бундай азму шижоатли, ватанпарвар ёшларимиз энг катта бойлигимиз, миллатимизнинг “олтин фонди”, десам, ўйлайманки, бутун халқимизнинг фикрини ифода этган бўламан.
Азиз юртдошлар!
Бу йилги Олимпия ўйинлари қандай қийин ва мураккаб вазиятда ўтганини албатта барчамиз яхши биламиз. Жаҳон миқёсида давом этаётган пандемия, аввало, спортчилар учун кутилмаган жисмоний ва руҳий муаммоларни келтириб чиқарди.
Бу галги Олимпиада ҳақиқий мардлик ва матонат синови, ҳалол ва кескин беллашувлар майдони бўлди. Мавжуд шароитдан келиб чиқиб, кўплаб мусобақалар мухлислар иштирокисиз ўтди. Бундай ҳолат ҳам Олимпиада тарихида авваллари ҳеч қачон кузатилмаган ҳодисадир.
Ана шундай ўта оғир вазиятда Ўзбекистон спортчилари фақат ғалаба сари интилиб, ҳақиқий мардлик ва жасорат намунасини кўрсатганларига барчамиз гувоҳ бўлдик.
Фарзандларимиз она халқимизнинг меҳри ва ишончи, миллионлаб мухлисларнинг қўллаб-қувватлашини ҳар дақиқа юрак-юракдан ҳис этиб турдилар ва бу уларга чексиз куч ва мадад берди.
Фурсатдан фойдаланиб, Токиодаги мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган, барчамизга ҳаяжонли ва унутилмас дамларни тақдим этган Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг барча аъзолари ва устоз-мураббийларга ўз номимдан, халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдираман.
Албатта, эришилган натижаларда Олимпиада ўйинларига олдиндан пухта тайёргарлик кўрилгани, бунинг учун давлатимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилгани муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ана шундай эътибор туфайли Ўзбекистон вакиллари 17 та спорт тури бўйича 71 та Олимпия йўлланмасини қўлга киритганлари ҳам миллий спортимиз тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир.
Яна бир муҳим жиҳати – аёллар ўртасида спортни ривожлантириш мақсадида амалга ошираётган катта ишларимиз ижобий натижа бермоқда. Буни 28 нафар спортчи хотин-қизларимиз Токио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритгани ҳам тасдиқлайди. Таъкидлаш керакки, бу мустақил Ўзбекистон тарихидаги рекорд натижадир.
Боксчи қизларимиз илк бор Олимпиадага 3 та йўлланмани қўлга киритишди. Натижада бокс бўйича жами лицензиялар сони 11 тани ташкил этди. Ушбу Олимпия ўйинларида фақат учта давлат шунча боксчи билан иштирок этганини ҳисобга олсак, бу ҳам албатта алоҳида эътиборга лойиқ кўрсаткич.
Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда Олимпиада ҳаракати тобора ривожланиб, янги, юксак босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.
Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Токио Олимпиадасида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимиз таълим олган мактаб ва олий ўқув юртларида, вояга етган маҳаллаларда уларнинг ибратли фаолиятини тарғиб этишга бағишланган кўргазмалар ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Қадрли дўстлар!
Бугунги имкониятдан фойдаланиб, кўп йиллар мобайнида спорт гимнастикаси билан шуғулланиб келаётган, жаҳон миқёсида шуҳрат қозонган Оксана Чусовитина ҳақида чуқур ҳурмат билан гапирмоқчиман.
Барчамиз яхши биламизки, таниқли спортчимиз биринчи марта 1992 йили Барселона Олимпиадасида иштирок этган эди. Шундан кейин у кетма-кет саккиз бор Олимпия ўйинларида иштирок этди. Бу чиндан ҳам, Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган дунё спортидаги ноёб ҳодисадир.
Оксана Александровнанинг Токио Олимпиадасидаги навбатдаги иштироки муҳим воқеа сифатида эътироф этилди. Жаҳон ҳамжамияти Оксананинг матонати, ўз иши ва касбига садоқатига тан бериб, унинг чиқишларини ҳайрат ва ҳаяжон билан кузатиб борди.
Ҳақиқатан ҳам, бутун ҳаётини спортга бағишлаб, мана шундай йирик мусобақаларда муваффақият қозонишга тинимсиз интилиб яшаш учун кучли ирода ва фидойилик керак.
Биз бундай афсонавий спортчиларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Унинг жасорати, ғалабага бўлган иродаси ёш спортчилар учун ўзига хос юксак ютуқлар ва шон-шараф мактаби бўлиб хизмат қилади.
Оксана Чусовитина миллий спортимизни ривожлантириш борасидаги улкан хизматлари учун “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони билан тақдирланди.
Аминманки, Оксана Чусовитина ўзининг муваффақиятли мураббийлик фаолияти билан спорт гимнастикаси бўйича янги чемпионларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшади.
Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига Оксана Чусовитина ва Баҳодир Жалоловнинг спорт маҳорати мактабини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти учун барча зарур шароитларни яратиб бериш вазифаси топширилади.
Ҳурматли Оксана Александровна, Ватанга муҳаббат ва садоқатингиз, спортдаги фидойилигингиз, букилмас ирода ва матонатингиз учун Сизга яна бир бор улкан миннатдорлик билдираман.
Муҳтарам дўстлар!
Бу галги Олимпиада биз учун спорт оламида бир қатор янги истеъдод соҳибларини, янги Ўзбекистоннинг янги қаҳрамонларини кашф қилиб берганини таъкидлаш лозим. Хусусан, 18 ёшли спортчи қизимиз, қорақалпоқ элининг муносиб фарзанди Зайнаб Дайибекова қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Ўзбекистон тарихида биринчи марта Олимпиада қатнашчиси деган шарафга сазовор бўлди. Энг муҳими, у мусобақаларнинг иккинчи даврасида Осиё ўйинларининг финалчиси, дунё рейтингида 3-ўринда бораётган хитойлик тажрибали спортчини мағлуб этди.
Мен ишонаман, Зайнаб қизимиз келгуси Олимпия ўйинларида янада фаол иштирок этиб, ўзининг тиришқоқлиги билан Ўзбекистонимизга албатта олтин медаль олиб келади.
Ўн тўққиз ёшли Кумушхон Файзуллаева эса 76 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги қизлар ўртасида оғир атлетика баҳсларининг энг ёш иштирокчиси сифатида эътироф этилди. Таъкидлаш лозимки, дунё миқёсида камдан-кам спортчи бу ёшда Олимпия ўйинларида иштирок этиш шарафига муяссар бўлади.
Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси юртимизда ёш авлод тарбиясига, жисмоний тарбия ва спорт ривожига қаратилаётган юксак эътибор ва амалий ғамхўрлик натижасидир.
Ҳурматли дўстлар, мана, кўриб турибсизлар – Ўзбекистоннинг жасур спортчи қизлари халқаро майдонларга дадил кириб келмоқда. Барчамиз уларга чин қалбдан тасанно айтамиз.
Айни вақтда мен спортчи йигитларимизга қараб айтмоқчиман: агар қаттиқ ғайрат қилмасаларингиз, қизларимиз ҳадемай сизлардан ўтиб кетади.
Мамлакатимизда замонавий таълим-тарбия масканлари билан бирга, янги-янги спорт мактаблари ва мажмуалари, стадионлар, сузиш ҳавзалари барпо этилаётгани фарзандларимизнинг қалбида спортга меҳр уйғотмоқда. Айниқса, бу соҳада фаолият кўрсатаётган устоз ва мураббийларнинг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган катта ишларимиз ижобий самара бермоқда.
Аминманки, ушбу Олимпиада натижалари мамлакатимизда спортнинг барча турларини ривожлантиришга кучли туртки беради.
Энг асосийси, бундай ғалабалар ўсиб келаётган ёшларни барча соҳалар қатори спорт бўйича ҳам маррани баланд олиб, доимо ғалаба сари интилиб яшашга ўргатади, соғлом турмуш тарзини ҳаётимиз қоидасига айлантиришга хизмат қилади.
Албатта, жаҳоннинг энг йирик спорт мусобақаси бўлмиш Олимпия ўйинларида иштирок этишнинг ўзи катта шараф ва масъулият. Буни барчамиз яхши тушунамиз. Бунинг учун қанча оғир довонлардан, машаққатли синовлардан ўтиш талаб этилади.
Бу гал омади келмаган спортчиларимизга қарата, руҳингиз тушмасин, келгуси сафар бахт сизларга албатта кулиб боқади, деб ишонч билдирмоқчиман. Улар ҳам кескин баҳсларда ғайрат ва шижоат билан кураш олиб бориб, катта синовларда ўз салоҳиятини намоён этганлари биз учун муҳимдир. Шунинг учун уларни ҳам ғолиблар қаторида кўриб, чин дилдан олқишлаймиз.
Биз Олимпиаданинг ғолиб ва совриндорлари, уларнинг тренерлари ҳамда барча иштирокчиларни муносиб тақдирлашга қарор қилдик. Ўзбекистонда Олимпиада олтин медали соҳиблари – 200 минг АҚШ долларидан, бронза медали эгалари – 50 минг АҚШ долларидан мукофот пули билан тақдирланиши белгилаб қўйилганидан хабарингиз бор, албатта.
Спортчиларимизни муросасиз беллашувларга тайёрлашда эртаю кеч улар билан бирга бўлган жонкуяр мураббийларнинг хизматларини алоҳида таъкидлашни истардим. Бугун ғолиб ва совриндор спортчиларимизни тайёрлашда чинакам фидойилик кўрсатган Тўлқин Қиличев, Павел Хан, Фарҳод Мирзажонов, Нурали Қобулов, Музаффар Абдураҳмонов каби тажрибали мураббийларнинг номларини чуқур ҳурмат билан тилга оламиз.
Биз Олимпия чемпионларининг тренерларини 40 минг АҚШ долларидан, бронза медаль соҳибларининг мураббийларини 20 минг АҚШ долларидан мукофотлашни лозим деб топдик.
Агар Олимпиадада иштирок этган ҳар бир спортчи кўп йиллик оғир тайёргарлик жараёнидан ўтишини кўз олдимизга келтирсак, улар ҳам бугун ғолиблар қаторида тақдирланишга муносиб эканига амин бўламиз. Шуни ҳисобга олган ҳолда, бу спортчиларимизнинг ҳар бирини 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантиришга қарор қилдик.
Қадрли юртдошлар!
Токио Олимпиадаси бизга янги қаҳрамонларни кашф қилиб берди. Улар ўзлари эришган ютуқ ва натижалар билан келгуси Олимпиадаларда янада муваффақиятли иштирок этиш учун мустаҳкам пойдевор яратадилар, десак, тўғри бўлади.
Шу ўринда Олимпия ўйинларида жамоавий спорт турлари бўйича сезиларли натижага эриша олмаганимизни очиқ тан олишимиз керак. Бу ҳол мутасадди раҳбарларни жиддий ўйлантириши зарур. Агар кимдир, бундан кейин ҳам олдинги Олимпия ўйинларида бўлгани каби, фақат яккакураш спорт турлари ҳисобидан ютуқларга эришамиз, деб ўйласа, адашади. Билиб қўйинглар, бу – мутлақо нотўғри ёндашув.
Барчамиз яхши тушунамизки, Ватанимизнинг спорт соҳасидаги улкан салоҳиятини намоён этишда 2024 йилда бўладиган Париж Олимпиадаси янада муҳим аҳамиятга эгадир. Бу ҳақиқатни барчамиз чуқур ҳис этиб, ҳар томонлама тушуниб, аниқ тизим асосида иш олиб боришимиз зарур.
Бўлғуси Олимпиада олдидан футбол, баскетбол, гандбол, чим устида хоккей, регби, волейбол сингари жамоавий спорт турлари бўйича ҳам йўлланмаларни қўлга киритиш асосий мақсадимиз бўлиши зарур.
Шу муносабат билан қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Биринчидан, мамлакатимиз спорт делегациясининг Токио Олимпиадасидаги иштирокини ҳар томонлама чуқур таҳлил этиб, йўл қўйилган хато ва камчиликларни сарҳисоб қилишимиз керак.
Бунинг учун спорт менежменти бўйича нуфузли халқаро компаниялардан бирини жалб этган ҳолда, мамлакатимизда ушбу соҳада бошқарув тизимининг ҳар бир бўғинини аудитдан ўтказиш мақсадга мувофиқ.
Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов Миллий олимпия қўмитаси ва Миллий паралимпия қўмитаси билан биргаликда жорий йил якунига қадар аудит натижаларига асосан жисмоний тарбия ва спортни ҳамда спорт федерациялари бошқарув тизимини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиб киритсин.
Келгуси Олимпия ўйинларига ҳар томонлама тайёргарликни шу бугундан бошлашимиз керак. Ўз олдимизга аниқ мақсад қўйиб, астойдил ҳаракат қилсак, албатта натижага эришамиз. Мисол учун, Парижда бўлиб ўтадиган навбатдаги ёзги Олимпиадага 100 дан зиёд лицензияни қўлга киритиш ва медаллар бўйича етакчи 15 та мамлакат қаторидан жой олиш учун ҳамма имкониятларимиз бор.
Шу билан бирга, барча шаҳар ва туманларда тегишли спорт турларини ривожлантириш ва зарур шароитлар яратиш чораларини кўриш бугунги кун талабидир. Бу ҳақда гап кетганда, ҳар бир ҳудуд кесимида Олимпиада ўйинларига ҳозирлик кўриш дастурларини ишлаб чиқиб, уни тизимли ташкил этиш керак.
Бош вазир А.Арипов бу соҳада эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликларнинг сабабларини чуқур таҳлил қилиб, Париж Олимпиадасига тайёргарлик кўриш бўйича қарор лойиҳасини киритсин.
Иккинчидан, спорт бўйича таълим сифатини яхшилашимиз, иқтидорли, истиқболли спортчиларни саралаш (селекция) ва уларнинг захирасини шакллантириш тизимини тубдан такомиллаштиришимиз лозим.
Бунда замонавий ўқитиш дастурлари ва методикасини амалиётга жорий этиш, спорт таълим муассасаларида Паралимпия бўлимларини ташкил этиб, уларга 10 фоиз қўшимча квоталар ажратиш яхши натижа бериши мумкин.
Спортчиларни ўқитишда ота-оналар томонидан пул тўлаш тартибини бекор қилиш зарур. Шунингдек, битирувчиларни олий таълим муассасаларига жисмоний тарбия ва спорт йўналишлари бўйича давлат гранти асосида тўғридан-тўғри иккинчи босқичга, имтиҳон синовларисиз қабул қилиш тизимини ҳам жорий этишимиз керак.
Олимпия захиралари коллежларига юқори натижаларга эришган, бой тажрибага эга ва айниқса, спортнинг жамоавий турлари бўйича юқори малакали мутахассисларни жалб этиш муҳим аҳамиятга эга.
Шу ўринда катта харажатлар эвазига хориждан спортчиларни (легионер) олиб келиш тажрибаси унчалик ҳам ўзини оқламаётганини очиқ айтишимиз керак. Бундай амалиётдан воз кечиб, маҳаллий спортчиларимизни тарбиялашга жиддий эътибор қаратадиган пайт келди. Хориждан легионерлар эмас, етук мутахассисларни ҳамда спортчиларни тайёрлаш методикасини олиб келиш керак.
Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов, олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов Миллий олимпия қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда спорт йўналишида таълим сифатини янада ошириш, шунингдек, ривожланган мамлакатлардан юқори малакали мураббий ва мутахассисларни, замонавий методикаларни олиб келиш бўйича таклиф киритсин.
Учинчидан, республикамиздаги мавжуд олимпия захиралари коллежларига ўқувчиларни қабул қилиш бўйича квоталарни спорт турларининг хусусиятларидан келиб чиқиб шакллантиришга эътибор қаратишимиз лозим.
Мисол учун, волейбол жамоасининг таркиби 10 нафарни ташкил этса-да, коллежларга атиги 3-5 нафардан ўқувчи қабул қилинмоқда. Бундай ҳолат жамоавий спорт турларининг барчасида кузатилмоқда. Табиийки, бу аҳволда ушбу соҳаларни ривожлантириш мумкин эмас.
Шунингдек, мамлакатимизда юқори даражада ривожланган бокс спорти бўйича коллежларга қабул квотаси атиги 4 нафар этиб белгиланганини ҳам қониқарли, деб бўлмайди. Ваҳоланки, дунёда ушбу спорт тури бўйича 13 та вазн тоифасида беллашувлар ўтказилади.
Бир сўз билан айтганда, олимпия захиралари коллежларида қабул квоталарини бутунлай қайта кўриб чиқиб, янги тизим асосида белгилаш зарур. Бундай таълим муассасаларини ҳудудларда яхши ривожланган спорт турларига ихтисослаштириш ижобий натижалар бериши шубҳасиз. Айтайлик, Сурхондарё ва Қашқадарёда – спортнинг яккакураш турлари, Фарғона водийси вилоятларида – жамоавий спорт ўйинлари ва бокс, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Тошкент вилоятларида – оғир атлетика, қиличбозлик бўйича таълим бериш йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
А.Абдуҳакимов Миллий олимпия қўмитаси ва спорт федерациялари билан биргаликда бир ой муддатда олимпия захиралари коллежлари фаолиятини қайта ташкил этиш ҳамда спорт таълим тизимини такомиллаштириш бўйича қарор лойиҳасини киритсин. Қарорда Миллий олимпия қўмитасига ушбу коллежлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, жойларда ёш истеъдод эгаларини излаб топиш, уларни қўллаб-қувватлаш, селекция ишлари билан жиддий шуғулланиш каби вазифалар юклатилиши зарур.
Тўртинчидан, бугунги кунда республикамизда 329 та спорт мактаби фаолият кўрсатмоқда. Уларда 13 минг нафардан зиёд тренерлар қўл остида 328 мингдан кўпроқ ёшлар спортнинг 30 дан ортиқ тури бўйича мунтазам шуғулланмоқда.
Бироқ ана шу мактабларнинг ҳаммаси ҳам самарали фаолият кўрсатмаяпти. Аксарият спорт мактабларидан биронта республика чемпиони етишиб чиқмагани ҳам фикримиз далилидир. Ҳолбуки, олимпия захиралари коллежларида 7 минг нафар бола таълим олмоқда. Уларнинг ўқиши учун бюджетдан қанча маблағ берилади. Лекин уларнинг орасида атиги 70 нафари Олимпия қатнашчиси бўлиши – бу албатта қониқарсиздир.
Шунинг учун 2021 йилдан бошлаб ҳар бир спорт мактабига давлат буюртмаси бериш тизимини жорий этиш лозим. Бунда спорт мактаблари томонидан ҳар йили “спорт усталигига номзод”, “спорт устаси”, “халқаро тоифадаги спорт устаси” каби разряд ва унвонларга эга бўлган спортчиларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу тизим орқали спорт мактабларининг рейтинги юритилади ва уларнинг фаолиятига шу асосда баҳо берилади.
А.Абдуҳакимов бир ой муддатда спорт мактабларида давлат буюртмаси тизимини жорий этиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқсин.
Бешинчидан, спорт турлари бўйича ўтказилаётган мамлакат чемпионатларининг савияси тушиб кетган. Энг ачинарлиси, бу соҳада коррупция ҳолатлари кўзга ташланмоқда.
Масалан, спорт мусобақаларининг ҳудудий босқичлари ўтказилмасдан, фақатгина маълум бир тоифадаги спортчиларни республика босқичига олиб келиш одатий ҳолга айланган. Шу боис чемпионатларимизда кучли спортчилар жуда кам, рақобат деярли йўқ. Бунинг устига, спортнинг жамоавий ўйин турлари бўйича ҳудудлардан жамоалар етарлича иштирок этмаяпти. Федерациялар эса чемпионатларни бор-йўғи 4-5 та жамоа иштирокида, номига ўтказиш билан чекланиб қолмоқда. 2021 йилда баскетбол ва сув полоси бўйича Ўзбекистон чемпионатларида 4 тадан жамоа қатнашгани бунга мисол бўла олади.
Спорт йўналишидаги вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш учун соҳада биринчи навбатда давлат бошқарувини янада такомиллаштириш талаб этилади.
Бош вазир А.Арипов бир ой муддатда Туризм ва спорт вазирлигининг тузилмасини қайта кўриб чиқиш ҳамда жамоавий спорт мусобақаларини ўтказишни такомиллаштириш юзасидан тегишли қарор лойиҳасини киритсин.
Олтинчидан, Олимпия захирасидаги спортчиларнинг жисмоний, тиббий ва психологик ҳолати ҳамда фармакологик таъминотини яхшилаш, бунда илғор хорижий тажриба билан бирга илмий ёндашув ва халқ табобатини қўллаш муҳим ҳисобланади.
Спортчиларнинг жисмоний ва руҳий тикланишига ёрдам берадиган, уларнинг саломатлиги ва жисмоний қобилиятига ижобий таъсир этадиган маҳаллий озиқ-овқатлар рўйхати ҳамда оптимал овқатланиш рационларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш лозим.
Олимпия терма жамоалари спортчиларининг руҳий тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратиш жуда муҳим. Чунки спортчининг руҳий тайёргарлиги, ўзига ишончи қанчалик кучли бўлса, албатта, натижа ҳам шунча яхши бўлади. Шу мақсадда Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида спорт психологияси ва диетологияси бўлимларини ташкил этиш лозим.
Миллий олимпия қўмитаси соғлиқни сақлаш вазири А.Ҳожибоев ва молия вазири Т.Ишметов билан биргаликда бир ой муддатда Қўмита қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказини замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Еттинчидан, ёзги ва қишки Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинлари, нуфузли халқаро мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорлари ҳамда уларнинг тренерларини рағбатлантиришнинг замонавий тизимини жорий этиш зарур.
Шу мақсадда ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон мусобақаларининг ғолиб ва совриндорларини ҳамда уларни ана шу мусобақаларга тайёрлаган мураббийларни ҳам рағбатлантиришни кенгайтирамиз. Бунда олтин медаль совриндорига – 3 минг доллар, тренерига – 2 минг доллар, кумуш медаль соҳибига – 2 минг доллар, тренерига – 1 минг доллар, бронза медали учун – 1 минг доллар, тренерига – 500 доллар миқдорида мукофот пули берилади.
Бундан ташқари, нуфузли халқаро чемпионатлар ғолибларининг устозлари “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвонлари билан тақдирланади.
А.Абдуҳакимов, Т.Ишметов Миллий олимпия қўмитаси ва Миллий паралимпия қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда спортни молиялаштириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиб, уни замонавий талаблар асосида такомиллаштириш юзасидан таклиф киритсин. Бунда ушбу жараённинг шаффоф бўлиши ҳамда сарфланган маблағларнинг натижадорлигига, иқтидорли спортчиларни тайёрлаган биринчи тренерларни ҳам моддий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилсин.
Саккизинчидан, ҳудудларда иқтидорли спортчи ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда Ўзбекистон чемпионатларини ташкил этиш ишларини тўлиқ рақамлаштириш зарур. Бу, ўз навбатида, олимпия спорт турлари бўйича терма жамоаларга спортчиларни жалб этиш тизимини адолатли ташкил этишга хизмат қилади.
Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Содиқов йил якунига қадар Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Олимпия захиралари спорт платформасини ишга туширсин.
Азиз дўстлар!
Биз Олимпия ва Паралимпия захираларини тайёрлаш учун муносиб шароитлар яратиш ва 2024 йилгача спорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича давлат дастурини амалга оширамиз. Спорт муассасаларидаги эскирган жиҳозларнинг қарийб 50 фоизи янгиланади.
Бундан ташқари, кейинги Олимпия ўйинлари ва йирик халқаро спорт мусобақаларига тизимли тайёргарлик кўришимиз зарур. Ҳозирги вақтда 2025 йили Тошкентда ёшлар ўртасида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларини юқори савияда ташкил этиш мақсадида “Олимпия ва Паралимпия шаҳарчаси”ни барпо этиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Ушбу шаҳарча ҳудудида бокс, спорт курашлари, сув спорти, эшкак эшиш каби федерациялар учун ҳам тайёргарлик марказлари ташкил этилади.
Ишонаманки, энг замонавий шароит ва технологияларга эга бўладиган мазкур иншоот Ўзбекистоннинг спорт соҳасидаги янги қиёфасини ўзида мужассам этадиган йирик мажмуа бўлади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг спорт билан шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратиш, уларнинг халқаро турнирларда муносиб иштирок этишини таъминлаш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим жорий қилинди.
Биз бундан буён Олимпия ва Паралимпия спортини яхлит бир тизим сифатида кўрамиз, улар учун кенг шароит ва имкониятлар ҳамда рағбатлантириш тизимини яратамиз.
Хабарингиз бор, 24 август куни Токиода ёзги Паралимпия ўйинлари бошланади. Ушбу нуфузли мусобақада ҳам вакилларимиз муваффақиятли иштирок этиб, Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қиладилар, деб ишонамиз.
Бугунги тантанали маросимда бир гуруҳ паралимпия спортчиларимиз ҳам қатнашмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, бўлғуси мусобақаларда уларнинг барчасига омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
Ҳурматли спортимиз фидойилари!
Ҳаммангиз кўриб турибсиз, бугунги кунда дунёда пандемия таъсир қилмаган соҳа қолмаяпти. Айниқса, спорт мусобақаларини ташкил этишдаги мураккаб вазият спортчиларнинг руҳий ҳолатига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Шунинг учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, ҳар қандай синовлар пайтида ҳам спорт мусобақаларига тайёргарликни сусайтирмаслигимиз шарт.
Сизлар эришган ютуқлар билан чекланмасдан, бу борадаги шонли анъаналаримизни муносиб давом эттирасиз ва жаҳондаги энг нуфузли мусобақаларда Янги Ўзбекистонимиз байроғини янада баланд кўтарасиз, деб ишонаман.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ, Токио Олимпиадасида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимиз ҳамда уларнинг мураббийлари давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан мукофотландилар.
Ҳурматли спортчилар, муҳтарам устоз ва мураббийлар!
Ҳозиргина сизларга топширилган юксак мукофотлар барчангизнинг меҳнатингиз, истеъдод ва маҳоратингизга халқимиз ва Ватанимиз томонидан берилган муносиб баҳо, эътироф рамзидир. Аминманки, бу эҳтиром ва ишонч сизларга янги куч-ғайрат бағишлаб, янада улкан ғалабаларга чорлайди.
Ана шундай эзгу мақсад йўлида барчангизга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат, оилавий бахт ва омад ёр бўлишини тилайман.
Фурсатдан фойдаланиб, сизларни яқинлашиб келаётган энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман.
Катта раҳмат сизларга, доимо соғ-омон бўлинглар!