Давлатимиз раҳбари Самарқанд шаҳрида масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Zarmed pratiksha hospital group” Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма корхонаси томонидан ташкил қилинган кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти билан танишди.
“Zarmed pratiksha hospital group”қўшма корхонаси “Zarmed” тиббиёт марказлари тармоғи ҳамда Ҳиндистоннинг “Pratiksha global healthcare private limited” компанияси томонидан ташкил қилинган.
Қўшма корхонанинг дастлабки лойиҳаси бўлган мазкур тиббиёт маркази учун 8,5 миллион доллар сарфланган. Шундан 1,5 миллион доллар чет эл инвестицияси ҳисобланади.
Кўп тармоқли тиббиёт марказида 5 та замонавий амалиёт хонаси, 100 ўринли стационар мавжуд. Интервенцион кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, эндоскопик жарроҳлик, ортопедия ва травматология, урология ва гинекология, отоларингология фаолият турлари учун замонавий диагностика ускуналари ўрнатилган. Марказ бир вақтнинг ўзида 600 кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Тиббий хизматлар халқаро стандартлар асосида комплекс тарзда кўрсатилади.
Мухтасар айтганда, ушбу кўп тармоқли тиббиёт марказида юрак қон-томир касалликлари каби ноёб жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда барча шароит яратилди. Авваллари юқоридаги касалликка чалинган беморлар аксарият ҳолларда пойтахт, ёки чет давлатда жарроҳлик амалиётини олишга мажбур бўларди.
Президентимиз келтирилган замонавий тиббиёт ускуналаридан самарали фойдаланиш, шифокорлар малакасини доимий ошириб бориш зарурлигини таъкидлади.
– Касалликни даволашда энг яхши усул, тўғри ва вақтида ташхис қўйиш. Марказга ўрнатилган замонавий ускуналардан фойдаланиб, барвақт ташхис қўйишни ўргансак, халқимиз биздан рози бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.
“Pratiksha global healthcare private limited” компанияси таъсисчиларидан Нишант Бажажнинг қайд этишича, Президент Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонга ташрифи давомида инвесторлар билан учрашиб, инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистонда барча имкониятлар яратилишини маълум қилган эди.
– Ўша учрашувда, албатта, юртингизга инвестиция киритишимни, ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишимни маълум қилган эдим. Мана “Zarmed pratiksha hospital group”қўшма корхонаси ташкил қилиб, илк лойиҳамизни ишга туширдик,– деди Нишант Бажаж.– Бу жараёнда бизни барча бирдек қўллаб турганидан мамнунмиз. Албатта, давлат томонидан тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар бизни кўзлаган мақсадимизга эришишимизга замин яратди. Биз нима учун Самарқандни танладик? Самарқанд жаҳоннинг туристик шаҳарлари ичида ўз ўрнига эга. Бизнинг лойиҳамиз тиббий хизмат сифатини ошириш билан бирга, тиббиёт туризми ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшади, деган умиддамиз.
Айни пайтда кўп тармоқли тиббиёт марказида ўнга яқин юқори малакали тиббиёт мутахассиси хизмат қилади. Уларнинг асосий қисми халқаро тажрибага эга мутахассислар ҳисобланади.
– Мамлакатимизда хусусий тиббиётга шароит яратилгани натижасида мана шундай замонавий клиникалар кўпаймоқда. Эндиги вазифа беморларга сифатли хизмат кўрсатиб, одамларнинг ишончини қозониш. Даволаниш учун чет элга кетмоқчи бўлганларни ҳам жалб этиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мутасаддиларга Самарқандда хусусий тиббиёт университети ва клиникадан иборат тиббиёт кластерини ташкил этиш, хорижда ишлаб юрган самарқандлик шифокорларни ишга таклиф этиш учун вилоят ҳокимлигида жамғарма тузиб, уларни уй-жой билан таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Зиёдулла Жонибеков, ЎзА