“Нукус вино заводи” акциядорлик жамиятининг мурожаатига асосан ўтказилган тезкор тадбирда қўлбола усулда спиртли ичимлик ишлаб чиқараётган яширин цех фаолияти аниқланди.

Жумладан, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат божхона бошқармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида Э. исмли шахс қонунга хилоф равишда Нукус шаҳрида фуқарога ҳажми 0,45 литр бўлган ҳар бир шишасини 18500 сўмдан ҳисоблаб, жами 180 шиша қалбаки акциз марка билан маркаланган қўлбола “Қоратау” ароғини сотган вақтида ушланди ва ашёвий далил тариқасида олинди.

Шунингдек, ушбу алкоголь маҳсулотларининг манбасини аниқлаш мақсадида ўтказилган тезкор тадбир натижасида, Г.Д ва С.Ш исмли шахслар қонунга хилоф равишда фуқаро Э.Қ.га ҳажми 0,45 литр бўлган ҳар бир шишасини 14166 сўмдан ҳисоблаб, жами 48 шиша қалбаки акциз марка билан маркаланган қўлбола “Қоратау” ароғини сотган вақтида ушланди. Фуқаролар Г.Д ва С.Ш нинг уйи кўздан кечирилганида, ушбу уйда яширин цех ташкил қилинганлиги ҳамда 1 дона рангли принтер ва унда чиқарилган қалбаки акциз маркалар, қалбаки штрих кодлар, 50 мл бўлган бир қанча тиббий спирт ва унинг бўш идишлари, бўш ароқ шишалари, 14,5 литр ароққа ўхшаш суюқлик, бўшаган баклашкалар, пластмасса идишлар, ароқ шиша оғзига бостириладиган қопқоқлар, блок пакетлар, 7 шиша “Қоратау” ароғи, 4 дона қопқоқ босиш ускунаси, 10 литр тозаланган сув, 1 дона челак бор эканлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракати олиб борилмоқда.

 

 Довуд  Абибуллаев, ЎзА