Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин олий даражада илгари эришилган келишувларга мувофиқ 28 январь куни видеоанжуман шаклида учрашув ўтказадилар.
Музокараларнинг кун тартибидан икки томонлама алоҳида стратегик шериклик муносабатларини, минтақавий ҳамкорлик ва мамлакатларимизнинг халқаро ташкилотлар доирасидаги шериклигини ривожлантиришга доир долзарб масалалар ўрин олган.
Ўзбекистон ва Корея етакчилари сиёсий мулоқотнинг бугунги ҳолати ва уни мустаҳкамлаш истиқболларини, савдо, инвестициялар, инновациялар, саноат ва энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданий алмашинув соҳаларида аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масалаларини таҳлил қиладилар.
Бўлажак мулоқотлар ва қўшма тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилади.
Саммит якунида рақамли технологиялар, лойиҳалаштириш фаолияти, соғлиқни сақлаш ва бошқа муҳим йўналишларда янги ташаббусларни илгари суриш кўзда тутилган қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилмоқда.