Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилган матбуот анжуманида 2017/2018 ўқув йилида ўрта махсус, касб-ҳунар, олий ва олий ҳарбий таълим муассасаларида ўтказилган тест синовларининг якуний натижалари эълон қилинди.

Давлат тест маркази директори ўринбосари Қаҳрамон Ҳақбердиев, бошқарма бошлиғи Севара Зуфархўжаева маълумотига кўра, республикамиз бўйича 155 ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида саралаш тест синовлари ўтказилди. Уларда 108 минг 705 ўқувчи иштирок этган.

Олий ҳарбий таълим муассасаларида 5 июль куни тест синовлари ўтказилган. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси тизимидаги 10 олий ҳарбий таълим муассасаларида бўлиб ўтган тест синовларида 7 минг 680 абитуриент қатнашган.

2017/2018 ўқув йилида қатор олий таълим муассасаларининг вилоятларда филиаллари, янги таълим йўналишлари очилди. Тошкент вилоятида Чирчиқ давлат педагогика институти ташкил этилди. Жами 73 олий таълим даргоҳида қабул жараёни амалга оширилди. Уларда 729 минг 950 нафар ёш ўз билимини синовдан ўтказди. Ўртача ўтиш баллари давлат гранти бўйича 149,8, тўлов-шартнома бўйича 124,4 баллни ташкил этди. Ҳарбий қўмондонлик тавсияномасига эга бўлган 4 минг нафардан ортиқ абитуриент ўқишга тавсия этилди.

Давлат тест маркази масъуллари келгуси режалар ҳақида маълум қилди. Бунда асосий эътибор Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 16 ноябрдаги “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросига қаратилади.

Мазкур қарор асосида 2018/2019 ўқув йилида бакалавриат йўналишларига қабул учун тест синовларини ўтказиш тартибига бир неча муҳим янгилик ва ўзгаришлар киритилмоқда. Тест синовлари 1 августдан 15 августга қадар ўтказилади. Кириш тест синовлари натижалари тест синови ўтказилган куннинг эртасигаёқ Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Тест синовлари сиғими катта биноларда бўлиб ўтади. 2018/2019 ўқув йилидан эътиборан алоҳида иқтидор талаб этиладиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, мусиқий таълим, санъатшунослик, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларига тест синовлари жорий этилмайди. Давлат тест марказининг ходимлари штат бирлиги 150 нафардан иборат янгиланган тузилма ташкил этилади. Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси тузилади.

Ҳозир қарорда белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида тегишли вазирликлар, идоралар билан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА