Айни кунларда “Женоа” жамоасида муваффақият қозонаётган футболчимиз Элдор Шомуродовга Италиянинг энг номдор жамоаси – “Ювентус” қизиқа бошлагани ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда.

Мазкур ҳолатга Турин суперклуби спорт директори Фабио Паратичи қуйидагича изоҳ берди:

– Элдор Шомуродов ва Жанлука Скамакка масаласига аниқлик киритиш учун шуни айтишим керакки, айни пайтда жамоамиз рақобатбардош ҳисобланади. Агар трансфер бозорида биз учун ижобий имкониятлар юзага келганини кўрсак, ўшанда бир қарорга келамиз. Ҳозирча, бу борада шошилишга ҳожат йўқ, – деди Фабио Паратичи.

Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов 2020 йилнинг октябрь ойида “Ростов”дан “Женоа” таркибига келиб қўшилди. Истеъдодли футболчимиз “А” Серияда жами 11 та учрашув ўтказиб, ўз ҳисобига иккита гол ва битта голли узатмани ёзиб қўйди. Э.Шомуродов “Женоа” билан тўрт йиллик шартномага эга.

ЎзА