Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Польша пойтахти Варшава шаҳрида бўлиб ўтган Диний эркинликларни илгари суриш бўйича вазирлар конференциясида иштирок этиб, тадбир қатнашчиларига видеомурожаат йўллади.

А.Комилов тадбир иштирокчиларига диний эркинликни таъминлаш бўйича мамлакатимиз тажрибаси ва республикамиз айни йўналишдаги халқаро мажбуриятларини изчил бажараётгани ҳақида маълумот берди.

Конференция мавзуси Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, жумладан диний эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар натижасида юз бераётган чуқур демократик ўзгаришлар руҳига мос экани эътироф этилди.

Қисқа давр мобайнида эътиқод эркинлигини мустаҳкамлаш соҳасида республикада кўрилган аниқ чоралар, хусусан, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва энг яхши демократик стандартлар асосида, янги таҳрирда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши, диний бирлашмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни соддалаштирилиши, мамлакат тарихида илк бор дин ва эътиқод эркинлиги таъминланиши мониторинги бўйича парламент эшитуви ўтказилиши қайд этилди.

Шунингдек, вазир бағрикенглик маданиятини мустаҳкамлаш ҳамда таълим ва маърифатни фаол тарғиб қилиш жамиятда диний эркинлик ва миллатлараро тотувликни таъминлашнинг самарали йўлларидан бири эканига ҳам урғу берди.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари мазкур муҳим форум инсоннинг эътиқод эркинлиги ҳуқуқини ҳимоя қилишни илгари суриш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш йўлида навбатдаги муваффақиятли қадам бўлишига ишонч билдирди.

 

ЎзА