Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида амалдаги соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилишга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

– Ўтган ҳафта таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш бўйича олдимизда турган барча вазифаларни белгилаб олиб, алоҳида фармон ва қарорларни қабул қилдик ва улар асосида бутун мамлакат бўйлаб кенг қамровли ишлар бошланди, – деди Президент. – Бугунги йиғилишимизда тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш бўйича уч ярим йил олдин бошланган ислоҳотларнинг навбатдаги вазифаларини белгилаб олишимиз зарур ва шарт.

Давлат раҳбари мамлакатимизда барча ислоҳотлар манфаатдорлик нуқтаи назаридан олиб борилаётгани, жумладан, куни кеча Ўзбекистон раислигида БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг 32-Европа минтақавий йиғилиши юқори савияда ўтказилгани, бу каби ислоҳотлардан кўзланган энг асосий мақсад одамларни рози қилиш эканини таъкидлади.

– Жуда муҳим ҳаётий зарур масала бўлмиш тиббиёт соҳасини ҳам ривожлантирмас эканмиз, эртага олдимизга қўйган жуда катта марраларни ололмаймиз, – деди Президент.

Шавкат Мирзиёев бирламчи бўғин бўлмиш қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар иш олиб бормаётгани учун аҳоли тўғридан-тўғри марказий поликлиника ёки шифохоналарга мурожаат қилаётгани ва тор соҳа шифокорларининг 60 фоиз вақти маслаҳат беришга сарфланаётганини таъкидлади.

– Бу тиббиётга хиёнат. Афсуски, бирламчи бўғиннинг масъулияти ва жавобгарлиги аниқ белгиланмаган. Жойларда бирорта масъул одам тиббиётнинг бирламчи бўғини билан жиддий шуғулланмаган. 2019 йилда мамлакатимизда ўлим ҳолатларининг 60 фоизи тиббиётнинг бирламчи бўғини томонидан олдини олиш мумкин бўлган юрак қон-томир тизими касалликлари ҳисобига тўғри келади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда ўтган йили 23 минг бемор – гипертониядан, 7 минг киши – инфарктдан, 5 минг бемор – қандли диабетдан, 3,6 минг киши инсультдан вафот этгани қайд этилди. Сўнгги икки йилда Деҳқонобод, Зарбдор, Чимбой ва Ховос туманларида ошқозон-ичак, юрак-қон томир тизими, нафас йўллари касалликлари бир неча бор кўпайганини танқид қилди. Ушбу касалликларни аниқлаш тиббиётнинг ютуғи экани, бироқ уларнинг барвақт олдини олишга бирламчи бўғин масъул ва жавобгар бўлиши кераклигини таъкидлади.

 

ЎзА