Бу давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ўз оиласи бағрига қайтган нукуслик Темур Бекимбетов қалбидан янграган самимий сўзлар.
Нукус шаҳри Суенли кўчаси 128-уйда нафақадаги онаси Зуҳра Ўтепова ва икки иниси билан яшайдиган Темур Бекимбетов 2009 йили Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 224-моддаси билан 14 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Ёшлик қилиб, оқибатини ўйламасдан шу йўлга кирганидан жуда-жуда пушаймон бўлган Темур Президентимиз фармонига мувофиқ афв этилди.
…1986 йилнинг 30 майида Нукус шаҳрида туғилган Темурнинг отаси Холмурза эрта вафот этди. Ёлғиз онанинг уч ўғил тарбиясига кучи етмади, катта фарзанд Темур Нукус гидромелиорация касб-ҳунар коллежини 2004 йилда учинчи босқичда ташлаб кетди. Турли идораларда ишлаб юриб, ўзига кўчадан “дўстлар” орттирди, ичкиликнинг “мазаси”ни татиб, унга ружу қўйди. Оиладаги назоратсизлик, маҳалла-кўйнинг эътиборсизлиги оқибатида ёшгина йигит диний оқимга қўшилиб, жиноят кўчасига кириб қолди.
– Саккизинчи декабрь куни уйимга кириб келган бўлсам-да, хурсандчилик ҳаяжони ҳали-ҳамон босилгани йўқ, – дейди Темур. – Сира кечириб бўлмас хатога йўл қўйганимдан жуда афсусдаман. Мен жазони ўташ муассасасида қилган ишим қонунга хилоф эканини тўла англаб етдим. У ерда эшитган ўгит-насиҳатлар, белгиланган тартиб-қоидалар мени ҳаётга бошқача кўз билан қарашга, ота-она, ака-уканинг қадрига етиш, озодлик нечоғли буюк неъмат эканини англашга ўргатди. Менинг жуда оғир жиноятимни афв этган Президентимиздан бир умр миннатдорман. Мени кечиришларига ҳеч ишонмагандим. Тўғриси, кечириш қийин эди бундай нонкўрликни. Халқимиз кечиримли, Президентимиз бағрикенг. Энди ҳаётимни янгидан бошламоқчиман. Эл-юрт равнақи йўлида фойдали меҳнат қилиб, ёшлик куч-ғайратимни оилам фаровонлиги учун сарфлайман. Ҳаётда ўз ўрнимни топиб кетишимга маҳалла оқсоқоллари, профилактика инспектори яқиндан ёрдам бераётганидан хурсандман. Оила қуриб, фарзандларимни юртга содиқ инсонлар қилиб тарбиялашга ваъда бераман. Ёшларга айтар сўзим: ҳеч қачон тўғри йўлдан адашманг, кексаларнинг, ота-онангизнинг насиҳатига амал қилинг, уларнинг дуоларини олинг. Мени Президентимиз кечирди, энди умрим бўйи мана шу бағрикенгликни оқлаш, халқимизга, озод ва обод юртимизга ҳалол ва садоқат билан хизмат қилишга ваъда бераман.