Меҳр-мурувват ойлиги доирасида юртимизнинг ҳар бир гўшасида кенг кўламли тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Бунда аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларга шароитлар яратиш, тиббий-ижтимоий кўмак бериш баробарида улар учун оммавий-маданий ва спорт тадбирлари, учрашувлар ҳамда акциялар ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон давлат санъат музейида бўлиб ўтган «Ижтимоий ҳимоя – тараққиёт гарови» деб номланган маънавий-маърифий тадбир ҳам улардан бири.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мазкур ойлик бўйича амалга оширилаётган эзгу ва хайрли ишларнинг янада самарали давом этишида муҳим дастуриламал бўлаётгани таъкидланди.

– Бугунги тадбирни ташкил этишдан мақсад мактаб-интернатлар ўқувчи ва тарбияланувчиларини музей фаолияти билан яқиндан таништиришдир, – дейди музей директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Наргиза Аҳмедова. – Шу билан бирга, театрлаштирилган мусиқали томошалар кўрсатиб, уларга хуш кайфият улашиш.

– Барча тенгдошларим қаторида ушбу тадбирда қатнашаётганимдан жуда хурсандман, – дейди 30-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Самандар Аҳмедов. – Тадбирда Бош қомусимиз ҳақида маълумотлар берилди. Тенгдошларимнинг мусиқали чиқишларидан завқ олдим. Ўзим футболга жуда қизиқаман. Расм чизиш бўйича танловларда ҳам иштирок этганман. Шу мақсадларим сари интилиш юксак орзуимдир.

Тадбир доирасида ўқувчиларнинг тасвирий ва амалий санъат йўналишларида яратган ижодий ишлари кўргазмаси ташкил этилди. Ташкилотчилар томонидан иштирокчиларга совға-саломлар улашилди.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА