Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 23 июлдаги ПФ–6033-сон “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини тартибга солиш соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) бошқарув ходимларининг чекланган сони 67 нафардан иборат тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Агентлик директорига, зарур ҳолларда, Агентлик тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

Агентлик Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Агентлик республика давлат бошқаруви органи ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

Агентлик директори Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Агентлик директорининг ўринбосарлари Агентлик директорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Агентлик директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитлари бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади;
Агентлик ходимларига нисбатан, қонунчиликда назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар, Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби сақланиб қолинади.

3. Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реализация қилиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек ноқонуний маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва айланмасини назорат қилишни кучайтириш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Агентликнинг Виночиликни ривожлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда – Жамғарма) шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ҳар йили ажратиладиган субсидиялар;

алкоголь маҳсулотларининг (пиво ва табиий вино бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумининг беш фоизи миқдоридаги ажратмалар (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 июлдаги ПФ–6029-сон Фармонига асосан ушбу ажратма миқдори 2020 йил 31 декабргача уч фоиз қилиб белгиланганлиги инобатга олинган ҳолда);

Агентлик ҳузуридаги “Энология лабораторияси” ва “Узумчилик ўқув маркази” давлат унитар корхоналарининг соф фойдасидан белгиланган тартибда амалга ошириладиган ажратмалар;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқарганлик ёки этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси учун тўланадиган жарима суммасининг 50 фоизи;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар, шунингдек алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланадиган корхоналар томонидан лицензия талаблари бузилганлиги учун тайинланадиган жарималар;

тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия берганлик учун давлат божи, шунингдек истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришга, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдосини амалга оширишга лицензиялар бериш учун тўланадиган йиғимлар ва йиллик лицензия тўловлари;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотларининг кредитлари (қарз маблағлари) ва грантлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгилаб қўйилсинки, мазкур банднинг учинчи хатбошиси  2022 йил 1 январга қадар амал қилади.

5. Белгилансинки, Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадлар учун сарфланади:

Агентликнинг техник навли узумзорлар ва виночилик соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлашга қаратилган комплекс мақсадли дастурларини амалга ошириш, шу жумладан узум кўчатларини харид қилиш, узумнинг селекция навларини яратиш ва уларни экишни ташкиллаштириш билан боғлиқ вазифаларининг самарали бажарилиши;

сув тежовчи, шу жумладан томчилатиб суғориш технологияларини жорий этишга қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда субсидиялар бериш;

саноатбоп токзорларда ирригация тадбирларини ўтказиш, жумладан сув етказиб бериш, артезиан қудуқлар, қувурлар ва резервуарлар барпо этиш, сув етказиб бериш учун насос ва қувурлар, сув сақлаш учун сиғимлар сотиб олиш;

техник навли узум плантацияларини яратиш ҳамда узум, мевалар ва резаворлардан алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасининг 50 фоизидан ошмайдиган фоиз ставкаси бўйича қарз бериш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасидан 4 фоизли пунктгача чегирган ҳолда тижорат банкларига кредит ресурсларини бериш;

маҳаллий шароитда етиштирилган интенсив кўчатлар ҳамда пайвандтагларни сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар ажратиш;

маҳаллий шароитда ток ўсимлиги тўқималаридан (меристема ҳужайра) «In vitro» усулида етиштирилган ток кўчатларини сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар ажратиш;

умумий қийматининг камида 15 фоизи лойиҳа ташаббускори томонидан молиялаштириладиган техник навли узумчилик йўналишидаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича бўлғуси ҳосил, токзор ва (ёки) ер участкасига бўлган ҳуқуқни гаровга олган ҳолда кафиллик тақдим этиш;

техник навли узум кўчатларини шпалерага кўтариш учун субсидиялар ажратиш;

виночилик соҳасидаги хорижий мутахассислар ва консультантларни жалб этиш, узум етиштирувчиларни, Агентлик ва виночилик корхоналари ходимларини, шу жумладан хорижда, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

маҳаллий алкоголь, шу жумладан вино маҳсулотларини тарғиб қилиш бўйича фестиваллар, кўргазмалар ва ярмаркалар ташкил этиш, алкоголь соҳаси корхоналарининг, шу жумладан хорижда ўтказиладиган тадбирларда иштирок этишига кўмаклашиш ҳамда уларнинг бундай тадбирлардаги иштироки билан боғлиқ харажатларини қоплаш;

саноатбоп узумчилик ва виночилик, янги турдаги алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва маркетингда “ноу-хау” билан боғлиқ бўлган илмий лойиҳаларни молиялаштириш;

техник навли узумларнинг оналик майдонлари ва коллекция участкалари, кўчатхона (питомник)лар барпо этиш;

коллекцион вино ва коньяк дистилляти маҳсулотларини захирага қўйиш;

Агентлик ва унинг идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, унинг марказий аппаратини таъминлаш, шу жумладан Агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш, хусусан устамалар тўлаш, шунингдек Агентлик фаолияти билан боғлиқ бўлган, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тадбирлар.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низомни;

Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлигининг Виночиликни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

7. Белгилансинки, истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятига лицензия бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар Вазирлар Маҳкамасининг истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш комиссияси томонидан қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш комиссияси таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

8. Қуйидагилар:

2020–2024 йилларда саноатбоп токзорлар барпо этиш ва қайта ишлаш учун хом ашё етиштиришнинг прогноз кўрсаткичлари
4-иловага мувофиқ;

2020–2024 йилларда токзорларда ресурс тежамкор, замонавий агротехнологиялар жорий этиш ва сув ресурслари билан таъминлаш прогноз кўрсаткичлари 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда 2020–2022 йилларда тармоқ корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантиришга қаратилган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати ҳамда тармоқ корхоналарда халқаро стандартларга мувофиқ сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш графигини тасдиқласин.

9. Белгилансинки, Агентлик қуйидагиларни 2021 йил 1 январга қадар амалга оширишга масъул ҳисобланади:

а) Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги ва Тошкент кимё-технология институти билан биргаликда халқаро стандартлар ва талабларни инобатга олган ҳолда истеъмол ва техник этил спиртини ҳамда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича технологик регламентни ишлаб чиқиш;
б) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмаси ҳажмини ҳисобга олиш ҳамда узумзорларнинг ягона реестри ахборот тизимини (кейинги ўринларда – ҳисобга олиш ахборот тизими) қуйидагиларни назарда тутган ҳолда жорий этиш:

2021 йил 1 январгача истеъмол ва техник этил спирти ишлаб чиқарувчилар ҳамда 2022 йил 1 январгача алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар мулкдорларининг ўз маблағлари ҳисобидан истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўлчов ускуналарини ва ҳисобга олиш ахборот тизимига ахборот узатувчи бошқа ҳисобга олиш ва қайд этиш воситаларини ўрнатиш. Бунда ўлчов ускуналари ҳамда бошқа ҳисобга олиш ва қайд этиш воситаларига техник талаблар Агентлик томонидан белгиланади;

ҳисобга олиш ахборот тизимини ўзаро ахборот алмашинувини ўрнатиш учун молия, иқтисодиёт органлари, шунингдек солиқ ва божхона хизматлари, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг барча ишлаб чиқарувчиларини, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи корхоналарни ҳисобга олиш ахборот тизимига улаш;

в) истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ва уларнинг айланмасини назорат қилиш бўйича «таҳлика-таҳлил» тизимини жорий этиш.

10. Белгилаб қўйилсинки:

ҳисобга олиш ахборот тизимини ишлаб чиқиш ҳамда ушбу тизим ишлаши учун зарур инфратузилмани яратиш бўйича ишлар Жамғарма ҳамда Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тенг улушларда молиялаштирилади;

ҳисобга олиш ахборот тизимини жорий этиш ва унда ишлаш истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг савдоси билан шуғулланувчи корхоналар учун мажбурий ҳисобланади.

11. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Агентликни зарур алоқа, шу жумладан ҳукумат алоқаси билан ва кенг полосали Интернет тармоғига уланишини белгиланган тартибда таъминласин.

12. “Ўзстандарт” агентлиги ва Агентлик:

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 сентябрга қадар техник этил спиртини ишлаб чиқариш ягона давлат стандартини ишлаб чиқсин ва жорий этсин;

2021 йил 1 июлга қадар Агентлик ҳузуридаги “Энология лабораторияси” ДУКни халқаро стандартларга мувофиқ аккредитациядан ўтказишни ташкил этсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва “Ўзстандарт” агентлиги истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг ҳақиқий айланмаси ҳажмларини мониторинг қилиш, уларни ишлаб чиқаришда қўлланиладиган хомашё ва ёрдамчи материаллар сифатини, шунингдек лицензия талабларига риоя этилишини назорат қилишда Агентликка яқиндан кўмаклашсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳри, Абай кўчаси, 6-уй манзилида жойлашган Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ва Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг бино ва иншоотларини жиҳозлари ва ташкилий техникаси билан бирга Агентликнинг оператив бошқарувига берилишини, шунингдек тугатиш жараёни якунланганидан кейин уларнинг қолган пул маблағлари ва асосий воситаларини Агентликка ўтказилишини таъминласин.

15. Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

16. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў.И. Барноев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                               Ш.Мирзиёев

Тошкент шаҳри,
2020 йил 23 июль

 

ЎзА