Шу пайтгача тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиб келган марказлар 2018 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритувчи Давлат хизматлари марказларига айлантирилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан куни кеча имзоланган «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида кўрсатилган.

Давлат хизматлари марказлари «ягона дарча» марказларида юридик шахсларга кўрсатилган хизматлар билан бирга аҳолига ҳам хизмат кўрсатади.

Янги марказда келгуси икки йилда босқичма-босқич “ягона дарча” тамойили бўйича кўрсатиладиган 58 та давлат хизмати жорий этилади. Уларнинг қаторида уй-жойларнинг сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти ва бошқа муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, якка тартибда уй-жой қуришни амалга оширишга рухсатнома, турар жойи бўйича рўйхатга олиш (прописка), рўйхатдан чиқариш ва ҳисобга қўйиш, турли архив маълумотномалари, патентлар, гувоҳномалар ва расмий ҳужжатлар дубликатларини олиш каби аҳолининг талаби юқори бўлган хизматлар мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимдаги маърузасида Халқ қабулхоналари негизида, Президент ҳузурида алоҳида тузилма ташкил этилишини маълум қилганди.

 

ЎзА