Афинада Ўзбeкистон ҳунармандлари савдо уйи очилди

Греция пойтахти Афина шаҳрида Ўзбекистон «Ҳунарманд» уюшмаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан мамлакатимизнинг Бош консуллиги кўмагида Ўзбекистон ҳунармандлари савдо уйи очилди.

Маросимда Греция парламенти ва ҳукумати аъзолари, таниқли давлат ва жамоат арбоблари, шунингдек, Ўзбекистонда яшаб ушбу мамлакатга кўчиб кетган ватандошларимиз, жами 500 киши қатнашди.

Савдо уйи Грециянинг «Craftence» компанияси билан ҳамкорликда Афинанинг энг зич Каллифея туманида ташкил этилди. Риштон шаҳридаги «Моҳи Диёр Рошидон» оилавий корхонаси савдо уйи ҳамкори ҳисобланади. Шартномага мувофиқ, ушбу оилавий корхона Грецияга қарийб 7 минг дона сопол лаган, кўза, ваза, сувинерлар етказиб берди.

photo_2020-07-16_19-07-53.jpg

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Афинадаги дипломатик ваколатхонаси кўмаги билан www.craftence.com онлайн савдо дўкони ташкил этилди. Ушбу дўкон орқали ўзбек ҳунармандчилик маҳсулотларини буюртма қилиш мумкин.

Ўзбекистоннинг Грециядаги бош консули Олимжон Қосимов мамлакатимиз ҳунармандчилик санъати ҳақида тадбир иштирокчиларига маълумот берди. Фарғона вилоятининг Риштон шаҳри ноёб сирланган керамика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи энг қадимий ҳунармандчилик марказларидан бири сифатида дунёга машҳур экани таъкидланди.

Тадбирда Ўзбекистонда халқ амалий санъати турлари давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланаётгани алоҳида таъкидланди. Чунки ҳунармандчилик талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, одамлар турмуш фаровонлигини ошириш ва иш билан таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

photo_2020-07-16_19-07-48.jpg

Шу боис Президент Шавкат Мирзиёев ҳунармандчиликни асраб-авайлаш, тиклаш ва ривожлантириш, ҳунармандлар анъаналарини келажак авлодларга етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Греция – Евроосиё альянси президенти Ксенофон Ламбракис ўз сўзида Риштонда қадим замонлардаёқ сопол буюмлар ишлаб чиқаришнинг ноёб технологияси яратилгани, бугунги кунда ҳам Риштон кулолчилиги юқори технологик ва бадиий фазилатлари билан ажралиб туришини қайд этди.

– Aввало, кейинги пайтларда Греция – Ўзбекистон муносабатларида ижобий динамика кузатилаётганини қайд этмоқчиман. Иқтисодиёт ва маданият соҳасидаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашди.

photo_2020-07-16_19-07-57.jpg
Бунинг учун Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва «Ҳунарманд» уюшмасига алоҳида миннатдорлик билдираман. Бугунги тадбир бунинг яққол тасдиғидир.
Ўзбекистон ҳунармандлари савдо уйидаги кулолчилик ва тўқимачилик буюмлари ўз гўзаллиги билан юртингизнинг қадимий ва бой тарихини, бетакрор жозибасини намоён этган. Юнонистон бозорига бундай маҳсулотлар экспорти қўшилаётганидан мамнунмиз. Биз Ўзбекистоннинг бундай ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз, – дейди Греция Маданият вазирлиги вакили Павлос Христу.

Тадбир давомида иштирокчилар учун Риштон кулолчилик маҳсулотлари савдоси ташкил этилди. Ушбу маҳсулотлар грециялик харидорларда катта қизиқиш уйғотди.

 

ЎзА