“Masdar” компанияси билан инвестиция битими имзоланди

Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича етакчи халқаро компаниялардан бири ҳисобланган Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси Навоий вилоятида қуввати 500 МВтга тенг дунёдаги энг йирик шамол электростанцияларидан бирини қуради. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабар берди.
Ушбу лойиҳани амалга оширишни назарда тутувчи инвестиция битими Амирликлар компанияси билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида имзоланди. Келишувга кўра, “Masdar” компанияси шамол электростанциясини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишни таъминлайди.
Бу мазкур компания томонидан Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган иккинчи йирик лойиҳадир. Бинобарин, “Masdar” ўтган йилнинг октябрь ойида давлат-хусусий шериклик асосида Навоий вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш электр станциясини қуриш бўйича тендер савдоларида ғолиб чиққан, лойиҳани амалга ошириш бўйича тегишли шартномалар 2020 йил январь ойида имзоланган эди.
Шамол электр станцияси қурилиши ва келгусида объектдан самарали фойдаланилиши мамлакат иқтисодиётига кескин ижобий таъсир кўрсатади.
Биринчи навбатда лойиҳага 600 миллион доллардан ортиқ миқдордаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинади. Қолаверса, қурилиш жараёни ва кейинги босқичда, яъни объектдан фойдаланишда 1300 та янги иш ўрни яратилади.
Шамол электр станцияси йилига 500 000 дан ортиқ хўжалик истеъмолига етарли 1,9 гВт/с мақбул ва арзон электр энергияси ишлаб чиқариш ҳисобига республика энергия мувозанатини диверсификация қилади ва мустаҳкамлайди.
Қайта тикланувчи энергия манбаларига замонавий технологияларни жорий этиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган табиий газ ҳажми йилига 175 миллион куб/метргача камайтирилади. Иқтисод қилинган энергия экспортга ва саноат корхоналари эҳтиёжи учун йўналтирилади. Энг муҳими, атмосферанинг карбонат ангидрид билан ифлосланиш даражаси кескин, йилига 1,1 миллион тоннага пасаяди.
Қурилиш ишлари жорий йил охирида бошланиб, биринчи навбатдаги генерация қуввати (250 МВт гача) 2022 йилнинг ўрталарида ишга тушади. Корхонани 2023 йилда тўлиқ фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

 

ЎзА