Ўтган йил олий даражадаги ташрифлар давомида 122 та муҳим ҳужжатлар имзоланган

Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлигининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Неъматовнинг қайд этишича, ўтган йилда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қулай ташқи сиёсий ва иқтисодий муҳит яратишга асосий эътибор қаратилди. Хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга устувор аҳамият берилди. Мамлакатимизнинг жаҳон майдонидаги имижини яхшилаш борасида иш олиб борилди.Мамлакатимизнинг халқаро ҳамкорликдан кўзлаган мақсад ва вазифалари аниқлаштирилди, бойитилди, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишда янгича – ғайрат-шижоатли, дадил ҳамда конструктив ёндашувлар ҳаётга тадбиқ этилди. Ўзбекистон икки томонлама воситалар билангина чекланиб қолмасдан, кўп томонлама мулоқот механизмларидан ҳам самарали фойдаланмоқда.

Ўтган йилда жами 18 та олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди. Шундан 11 таси Президентимизнинг хорижий давлатларга ташрифлари, 7 таси бошқа давлат раҳбарларининг мамлакатимизга ташрифидир. Ташрифлари доирасида муҳим битимлар имзоланди. Бу битимларни амалга ошириш учун 90 дан ортиқ Йўл хариталари тасдиқланди. Шу билан бирга ташрифлар давомида 122 муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Тарихда биринчи марта 2019 йил 29 ноябрда Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви тўлиқ форматда ўтказилди. Бундан олдин тўлиқ форматда ўтказилмаган. Ушбу учрашув доирасида иқтисодий-сиёсий, хавфсизлик, инвестиция, экология соҳасидаги масалалар кўриб чиқилди ва келишувларга эришилди. Натижада Марказий Осиё давлатлари ўртасида бирдамлик, ўзаро ишонч кучайди.

Шу билан бирга асосий эътибор дунёнинг ривожланган давлатлари билан ўзаро алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилди. Яна бир эътиборга молик ҳодиса Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига қўшилиши бўлди.

Японияга расмий ташриф давомида 6,5 миллиард долларга тенг 48 та келишув ва шартномалар имзоланди.

Вазир ўринбосарига кўра, бундан олдин Япония бизга ҳеч қачон инвестиция киритмаган. Грант лойиҳалари амалга оширган бўлиши мумкин, лекин ҳеч қачон инвестиция киритмаган. Ушбу ташриф давомида 6,5 миллиард долларга тенг келишувлар имзолангани бизнинг мамлакатга бўлган ҳурматни билдиради.

Туризм соҳасида ҳам сезиларли ўсишга эришилди. Илгари Ўзбекистон туризм салоҳиятига қарамасдан, туристлар сони кам эди. Амалга оширилган ишлар натижасида 7 миллион 100 минг турист ташриф буюрди.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА