Технопаркда замонавий корхона ишга тушди

Президент Шавкат Мирзиёев 28 февраль куни Яшнобод туманидаги Технопаркка ташриф буюрди.

Тошкент механика заводининг улкан ҳудуди ва биноларидан самарали фойдаланиш мақсадида Технопарк ташкил этилган эди. Давлатимиз раҳбари ўтган йили 28 июнда бу ерга келиб, лойиҳалар тақдимоти билан танишганди.

Технопаркда 2020-2021 йилларда умумий қиймати 393 миллион доллардан зиёд бўлган 15 та корхонани ишга тушириш мўлжалланган. Уларда кир ювиш машиналари, ошхона плиталари, совуткич ва музлаткичлар, саноат кондиционерлари, лифт ва эскалаторлар, электр техникаси маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Бу ерда зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари мавжуд. Тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида логистика маркази ташкил этилади. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг маҳаллийлаштириш даражаси 35-40 фоиз бўлади. Шунингдек, йилига 186 миллион долларлик экспорт қилиш режалаштирилган.
Президентимиз Технопарк ҳудудида ишга туширилган илк лойиҳа – электрон газ ҳисоблагичлар корхонаси фаолияти билан танишди, маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.
50 миллион доллар инвестиция ҳисобига ташкил этилган корхонада йилига 3 миллион дона электрон газ ҳисоблагичлар тайёрланади. Бу “ақлли” ҳисоблагичларга сим-карта ўрнатилган бўлиб, ишлатилган табиий газ ҳажми ҳақидаги маълумотни онлайн режимда марказий серверга узатади. Шу тариқа ҳисоблашда биллинг тизими жорий этилади ва инсон омили қисқаради.
Ушбу ҳисоблагичлар хавфсизлик жиҳатидан ҳам қулай. Уларга ўрнатилган меъёр ускунаси ортиқча газ босимини пасайтириб, бир хилда етказиб беради. Бу орқали аҳоли хонадонлари ва иншоотларда ёнғин ёки бошқа кўнгилсиз ҳолатларнинг олди олинади.
Бугунги кунда мамлакатимизда 3,5 миллион дона электрон газ ҳисоблагичга эҳтиёж мавжуд. Корхона ушбу эҳтиёжни бир йилда қоплаб, келгуси йилдан 7,7 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш қувватига эга. Бунинг учун корхона ҳамкори Италиянинг “Petro Fiorentini” компанияси билан тегишли шартнома тузилган.

Давлатимиз раҳбари корхона фақат сотиш билан чекланиб қолмай, ҳисоблагичларни ўрнатишдан тортиб хизмат кўрсатишгача масъул бўлиши, эксплуатацияга жавоб бериши кераклигини таъкидлади.

– Ҳар бир ишлаб чиқаришга киришишдан олдин стандартни ўйлаш керак. Малакали сервис учун ҳам, экспорт учун ҳам стандарт зарур. Афсуски, биз бу соҳада дунёдан анча ортда қолдик. Жойларда стандарт кафолатини таъминлайдиган кадрлар жуда кам. Шунинг учун мана шундай саноат корхоналарининг ўзида сервис бўйича мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш керак, – деди Президент.

Корхонанинг сервис маркази фаолияти ҳақида маълумот берилди.

Давлатимиз раҳбари Технопаркда амалга оширилаётган галдаги лойиҳалар, ишлаб чиқарилиши режалаштирилган саноат маҳсулотлари билан ҳам танишди.

ЎзА