ТАЙИНЛОВ: Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси тайинланди

Ахмедова Марям Халилаевна Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари – Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига тайинланди.
М.Ахмедова 1968 йил Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида таваллуд топган.
Оилали, уч нафар фарзанднинг онаси. Маълумоти олий. 1991 йилда Тошкент давлат педагогика институти (кундузги)ни, 2007 йилда Қорақалпоғистон Республикаси педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтини тугатган.
Маълумоти бўйича мутахассислиги тарбия ишлари методисти, этика ва оилавий ҳаёт психологияси ўқитувчиси, ўзбек тили ўқитувчиси.
У ўз фаолияти давомида Амударё тумани 64 ва 27-сон умумтаълим мактабларида кўп йиллар мобайнида ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси ва 27-сонли умумтаълим мактаби директори лавозимларида самарали меҳнат қилди ҳамда 2017 йилда Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, 2019 йилда эса 2-даражали “Соғлом авлод учун“ ордени давлат мукофотлари билан тақдирланди. 2014 йилда Амударё тумани 31-сонли “Ўрта қалъа“ сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлигига сайланди.
Ахмедова Марям Халилаевна – 2012 йилдан жорий кунгача Амударё тумани ҳокимининг ўринбосари — хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритди.
Бунгача Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари – Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида Зуҳра Ибрагимова ишлаб келган эди. Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловларда у ғолиб топилиб, айни пайтда қуйи палатада фаолиятини депутат сифатида давом эттирмоқда.

 

ЎзА