ҚОРА ОЙНАЛИ ХИЗМАТ МАШИНАЛАРИДА ИШГА ҚАТНАЙДИГАН МУТАСАДДИЛАР, ҚОРА ОЙНАЛАР ОРТИДАГИ МУАММОЛАРГА ҲАМ БИР “МЎРАЛАБ” ҚЎЙСАЛАР, ЁМОН БЎЛМАСДИ…
Пойтахт кўчалардаги муаммоли вазиятларни билиш учун шаҳарни қора ойнали машина ичидан кузатиш у қадар яхши натижа бермайди. Кузатишнинг бошқа самарали турлари ҳам бор. Масалан, кўзи ожизлар учун шаҳар кезиш қанчалар хавфли ва ноқулай эканини билишда кўзингизни боғлаб кўчада сайр қилиб кўринг…
Бу қора ойнали хизмат машинасидан бироз ноқулайроқ, аммо мутасаддилар учун жуда фойдали эканлиги исботланган.
Кўзи ожиз кишиларнинг 90 фоизи йўл-транспорт ҳодисаларига учраган Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Тошкент сизни севади” шиорини тарғиб қилишни айтган эди.
Хўш, Тошкент бизни ва шунингдек, кўзи ожизларни қанчалар севади?
У кўришда муаммоси борлар учун қанчалар қулай?
Республика кўзи ожизлар жамияти юристи Руслан Худоёровнинг айтишича, кўзи ожизлар учун шаҳар кўчаларидаги умумий қийинчиликлар қуйидагилардан иборат:
“Йўлни кесиб ўтиш қисмларида жойлашган светофорлар овозли эмас. Кўзлари ожиз инсон светофорнинг қайси чироғи ёнганини атрофдагилар ёрдамисиз англай олмайди. Йўлни кесиб ўтиш ниятида бўлган инсон йўл ёқасига келиб қолганини сезмайди. Йўл четидаги асфальтларда махсус қопламалар йўқ. Қопламалар кўзи ожиз инсонга автомобиллар ҳаракатланувчи йўллар бошланганини билдиради. Мен таниган кўзи ожиз кишиларнинг 90 фоизи турли кўринишдаги йўл транспорт ҳодисаларига учраган. Бу сўзсиз Тошкент кўчаларида кўзи ожизларга шароит йўқ эканлигини билдиради”.
Биламизки, кўришда муаммоси бор фуқаролар кўп ҳаракатланувчи махсус маҳаллалар мавжуд. Бу улар учун мўлжалланган мактаб, маданият саройи, кутубхона ва барча зарур юмуш билан борувчи бозор ва касалхоналардир. Аслида, барча жой имконияти чекланганлар учун қулай бўлиши шарт. Аммо пойтахтнинг махсус кўзи ожизлар кўп ҳаракатланувчи қисмларида ҳам улар учун етарли шароит қилинмаган.
Кўзи ожизлар нисбатан кўп ҳаракатланувчи Чилонзор тумани, Чўпон-ота кўчасида уларнинг махсус умумий ётоқхонаси жойлашган маҳалла бор. Афсуски, у ердаги пиёдалар ўтиш жойлари рисоладагидек эмас. Кўришда муаммоси бор шахслар учун овозли светофорлар йўқ. Ариқлардан ҳимоя қилувчи тўсиқлар мавжуд эмас. Мазкур ётоқхона вакиллари орасида ҳам кўчадаги ноқулайликлар сабаб, йўл транспорт ҳодисасига учраганлар оз эмас.
Яшнобод тумани, Паркент кўчасида кўзи ожизлар учун махсус мактаб интернати жойлашган. Интернат атрофида ҳам кўзи ожизлар ҳаракатланишига бирорта қулайлик мавжуд эмас. Атрофда на овозли светофор, на оддийгина текис пиёдалар йўлакчасини учратасиз.
Мактабга элтувчи катта йўлни кесиб ўтиш эса нақд ўлим билан баробар. Кўзи ожизлар жамияти аъзоларининг айтишича, мазкур кўчадаги кесиб ўтиш жойи ноқулай бўлгани сабабли кўриш қобилиятида нуқсони бўлган болаларнинг йўл-транспорт ҳодисасига учраган ҳолатлари тез-тез кузатилиб туради.
Йўлларимиздаги ўнқир-чўнқирлар кўриш қобилияти жойида бўлган инсон учун ҳам ноқулай. Энди у ерда ҳассага суяниб борувчи кўзлари ёпиқ инсоннинг юришини тасаввур қилаверинг.
Бектемир тумани, Истиқбол, Қўйлиқ ота масжиди, Мунис, Фарҳод кўчалари (кўзи ожизлар маҳаллалари жойлашган), Яшнобод тумани Бобур кўчаси 22-уй (Республика кўзи ожизлар жамияти жойлашган), Уч-тепа тумани, Чилонзор 22-квартал атрофида ҳам айни муаммолар мавжуд.
Юқорида келтирилган манзилларда кўзи ожизлар нисбатан кўпроқ юришади. Кўзи ожизлар жамияти вакиллари қайд этилган кўчаларда автомобиллар ҳаракатлари тезлигини пасайтиришни илтимос қилмоқда. Автомобиллар ҳаракати кўпайгани сари кўзи ожизларни машина туртиб юбориши кўп учрайди.
Кўришда муаммоси бор кишилар кўчада бекатларни топишда ҳам қийналадилар. Жамоат транспортларининг бекатдан йироқда тўхташи ҳам уларни узоқ вақт транспорт пойлаб бекатда қолиб кетишларига сабаб бўлади.
Шунингдек, метродан ташқари кўпгина шаҳар транспортларида бекатлар номи эълон қилинмайди. Бу ҳам жамоатчилик транспортларида кўзи ожизлар ҳаракати инобатга олинмаганидан далолатдир.
Туманлар, шаҳар ва умуман Ўзбекистон имконияти чекланганлар учун ҳам қулай бўлиши керак эмасми?
Биз ўзимиздан аввал улар учун қайғуришимиз зарур эмасми? Лекин буни ҳар куни ишга қора ойнали хизмат машинасида ишга келиб кетаётган мутасаддилар қаердан ҳам билсин?
ҚУЛАЙЛИКЛАР ФАҚАТГИНА МЕТРОДАМИ?..
Кўзи ожизлар жамияти вакилларининг маълум қилишича, Тошкент метросида улар учун тўлиқ яхши шароит яратилган. Бекатлар овозли эълон қилинади ва метрополитен ходимлари уларни чиқиш манзилларигача кузатиб қўяди.
Кўзи ожизлар жамиятида эса, кўришда муаммоси бўлган шахслар учун махсус ҳасса текин тарқатилади. Хорижда кўзи ожизлар учун мўлжалланган ҳассаларга GPS спутник навигация тизимлари ўрнатилган. Бизда эса бу каби янгиликлардан асар йўқ. Ҳозирча мутасаддилар ногиронлиги бор шахсларга ногиронлик аравачаларини тарқатишдан нарига ўта олмаяптилар.
СМАРТФОН УЧУН ЮКЛАМАЛАР КЎП, БИРОҚ…
Кўзи ожизлар жамияти ҳуқуқшуноси Руслан Худоёровнинг айтишича, смартфонлар учун интернет тармоғида махсус кўзи ожизларга мўлжалланган дастурлар талайгина.
Фақат интернет тармоғининг нархи уларга уланишда қийинчилик туғдиради.
“Ногиронлиги бўлган шахслар учун дастурлардан фойдаланишда Tas-x тизими жорий қилинса, улар учун трафик миқдори ҳисобланмаса, яхши бўлар эди”, дейди Руслан Худоёров.
Кўзи ожизларга эркин ҳаракатланишда ёрдам берувчи бир қанча “Мой дом”, “Be My Eyes”, “TapTapSee” ва бошқа дастурлар мавжуд. Интернет тармоғида уларнинг сафи кенгайиб бормоқда.
Аммо уларнинг аксарияти хорижий давлатлар кўчаларида аниқроқ ишлайди. Инновация ҳақида қанча кўп гапирмайлик, кўзи ожизлар муаммосини ечишда, уларга “кўз” бўлишда инновацион янгиликлар ҳозирча кўзга ташланаётгани йўқ.
Оддийгина улар учун махсус керакли юкламалардан текин фойдаланиш имконияти ҳақида ҳам ўйлаб кўрилмаган.
КЎЗИ ОЖИЗЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШДА ҚОНУНЧИЛИК ҲАМ ОЖИЗМИ?
Мавжуд қонунларга кўз югуртирар эканмиз, улар ҳам кўзи ожизларда тўлиқ ҳимоя қилишда ожиз эканлигини кўрдик. 2017 йил 1 августда эълон қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури келтирилган.
Аммо, мазкур дастурда кўрсатилган баъзи қонун лойиҳалари, норматив ҳужжатлар ҳамон амалга оширилганича йўқ.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, кўзи ожиз кишилар ва уларга ҳамроҳлик қилувчилар жамоат транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бироқ, масаланинг оғир томони шундаки, жамоат транспортидан мосуво бўлган қишлоқлар ва вилоятларнинг чекка туманларида кўзи ожизлар учун текин транспортнинг ўзи мавжуд эмас.
У ерларда амалда бўлган Дамас автомобиллари қонунчиликка кўра текин хизмат кўрсатмайди. Жамоат транспортидан текин фойдаланиш имконияти фақатгина шаҳарлардагина амалда. Тумандан-туманга ўтишда кўзи ожизларнинг гувоҳномалари оддий бир парча қоғозга айланиб қолади.
Шу ўринда сайловолди жараёнларида Ўзбекистонда мавжуд 5 та партия ногиронлиги бор шахсларни қонуний ҳимоя қилишни, уларга шароитлар яратиб беришни ваъда қилганликларини эслатиб қўймоқчимиз.
Биз кўзи ожиз фуқароларни биргина кўча-кўйда ҳаракатланишларида муаммо борлиги ҳақида гапирдик. Уларнинг нафақалари, иш билан таъминланишлари борасидаги камчиликлар очиқ қолмоқда.
Қора ойнали хизмат машиналарида ишга қатнайдиган мутасаддилар, қора ойналар ортидаги муаммоларга ҳам бир “мўралаб“ қўйсалар, ёмон бўлмасди…
Анора СОДИҚОВА, ЎзА