Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ташаббуси билан Ички ишлар органлари сафида хизмат вазифасини бажариш пайтида ҳалок бўлган 4 нафар ходимнинг оила аъзоларидан хабар олиниб, пул мукофоти топширилди.
Кегайли туман Ички ишлар бўлими Жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлинмаси тезкор вакили Сапарбой Исмоилов эндигина 28 баҳорни қаршилаган эди. Акаси Ички ишлар органи ходими бўлгани туфайли болалигидан ушбу соҳага жуда ҳам қизиқди. Тумандаги 1-умумтаълим мактабини аъло баҳоларга тугатиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида таълим олди. Ўқув юртини битириб келгач, Кегайли туман Ички ишлар бўлимига ишга жойлашди.
2003 йил 1 февраль куни эди. Одатдагидек ишдан қайтаётиб, йўл бўйидаги хонадонлардан бирида икки нафар маст кишининг жанжаллашаётгани эшитиб қолади. Дарҳол ичкарига кириб, уларни тинчита бошлади. Шу пайт маст кишилардан бири ошхона пичоғи билан милиция ходимининг қорин қисмига бир неча марта уради. Оғир аҳволга тушган Сапарбой Исмоилов туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилди. Аммо тиббиёт ходимларининг зарур чоралар кўришига қарамасдан касалхонада ўзига келмай вафот этади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ҳамда Кегайли туман ИИБ вакиллари ушбу жасоратли ходимнинг уйига ташриф буюрди. Қуръон тиловат қилиниб, оила аъзоларига пул мукофоти топширилди.
–Акамнинг армонлари кўп эди,–дейди С.Исмоиловнинг укаси, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси 3-питомник кинологи, сафдор Ажинияз Исмоилов. -Ҳар доим менга ички ишлар ходими мард, жасур, тинчлик ва осойишталикнинг ҳақиқий посбони бўлиши керак, деб уқтирарди. Мен ҳам акамнинг касбини давом эттириб, шу соҳада хизмат қилаяпман. Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши, Ички ишлар органлари ходимларига раҳмат, доимо оиламиздан хабар олиб туришади.
Шунингдек, хизмат вазифасини бажариш чоғида 2002 йилда ҳалок бўлган Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси патрул-пост хизмати бригадаси милиционери, катта сержант Азамат Балтабоев, 2012 йилда ҳалок бўлган Беруний туман ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бўлими милиционери, сержант Адилбек Султанов, 2018 йилда ҳалок бўлган Тўрткўл туман ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси Ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспектори, лейтенант Самат Зиауовларнинг оила аъзоларидан хабар олиниб, пул мукофотлари топширилди. Ватанимиз тинчлиги, халқимизнинг осойишталигини таъминлаш йўлида ҳалок бўлган ушбу ходимларнинг мардлиги ёшларимизга, бўлажак Ички ишлар органлари ходимларига ўрнак бўлиши шубҳасиз.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири.