Ҳар қандай тараққиётнинг томирига болта урадиган иллатлардан бири коррупциядир. Мамлакатимизда мана шундай иллатларга қарши кураш, уларнинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, бу йўналишдаги қонунчилик базаси ҳам такомиллаштирилмоқда. Шу асосда фуқароларнинг масъулияти ҳам оширилмоқда.
Мана шундай тадбирлар олиб борилишига қарамай мамлакатимизда кўпчилик соҳаларда, шу қатори, олий таълим тизимида ҳам коррупция ҳолатларининг учраб тургани бор ҳақиқат.
Шу йилнинг 18 январь куни Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Н.Йўлдошев раҳбарлигидаги Коррупцияга қарши кураш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида сўнгги икки йилда таълим соҳасида жами 326 ходим коррупция жиноятлари билан жавобгарликка тортилган бўлса, шундан 106 таси олий таълим тизимига тўғри келиши қайд этилган эди. Шунингдек, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик маркази томонидан 2018 йилда ўтказилган сўровномада иштирок этган респондентларнинг 29% и олий таълим муассасаларида коррупция авж олган дея кўрсатиб ўткан бўлса, 2019 йилда бу кўрсатгич 35% га тенг бўлганлиги соҳада ҳали ўз ечимини кутаётган муаммолар борлигини кўрсатмоқда.
Ҳаммага маълум, Президентимизнинг шу йил 24 январь куни Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларига Мурожаатномасида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, коррупцияга қарши кураш бўйича янги тизим – коррупция ҳолатларининг эрта олдини олишга хизмат қиладиган, тўғридан-тўғри парламент ва Президентга бўйсинувчи алоҳида давлат органини ташкил этишни таклиф этилган эди.
Ушбу кўрсатмалар асосида бугун, 25 январь куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида соҳадаги муаммоларнинг олдини олиш, коррупция ҳолатларига қарши курашнинг самарали усулларини жорий этишга бағишланган кенгайтирилган учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бўлими ходими А.Қурбанов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бўлим мудири М.Альжанов, институт факультет деканлари, декан ўринбосарлари, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Учрашувни институтнинг ёшлар билан ишлаш масалалари бўйича проректори Қ.Қадиров олиб борди.
Тадбирда таъкидланганидек, ҳозирги пайтда олий таълим муассасаларида коррупция ҳолатлари асосан талабалар қаторига қабул қилиш, ўқиш жараёнида бериладиган ҳар хил вазифалар, талабаларнинг битирув малакавий иши ёки магистрлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш, магистратурага қабул, шунингдек, талабаларнинг ўқишини кўчириш, таълим йўналишини ўзгартириш ва ўқишга қайта тиклашда коррупция ҳолатлари учрамоқда.
Бундай салбий ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида шахсан Президентимиз ташаббуси билан барча олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчиларнинг иш ҳақи миқдорлари кўпайтирилди. Ҳар бир ўқув йили давомида ўқитувчилар, талабалар, айниқса, гуруҳ старосталари ўртасида тарғибот ва профилактика ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳаракатлар озгина бўлса ҳам ўзининг ижобий натижасини кўрсатиб келаётганига қарамай, «беш бармоқ бирдек эмас» деганларидек, ўқитувчилар, талаба-ёшлар ўртасида коррупция ҳолатлари учраб турибди.
Тадбир давомида факультет деканлари, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар сўзга чиқиб, бундай иллатларнинг олий таълим тизимида учраб тургани кимни бўлса ҳам теран мулоҳаза қилишга чорлаши, бундай ҳаракатлар келажагимиз учун катта хавф туғдиришини таъкидлади. Тизимда коррупция ҳолатларига қарши кураш, олдини олиш бўйича ижобий натижаларга эришиш учун ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди.
Тадбир ўз аро фикр алмашиш ва савол-жавоблар билан давом этди.
Учрашув якунида факультет деканлари, декан ўринбосарлари, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга бундай салбий ҳаракатларни келтириб чиқармаслик мақсадида тегишли топшириқлар берилди.
Ислам Матеков,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.
Муаллиф олган фотосуратлар.