Қишнинг иккинчи ойи ҳам ўтиб бормоқда. Декабрда совуқ кунлар, ёғингарчиликлар кўпроқ кузатилган эди. Олдинда бизни қиш фаслининг қандай ўзгаришлари кутмоқда?
Ана шу мавзуда “Ўзгидромет” маркази бош синоптиги Ирина Зайцева билан суҳбатлашдик.
– Ўзбекистонда жуда совуқ ва қорли қишлар қисқа вақт давом этади, – дейди И.Зайцева. – Декабрь илиқ ва қуруқ келди. Ёғингарчилик кузатилган кунлар 5-10 кунни ташкил этди. Самарқанд, Қашқадарё вилоятларининг айрим жойлари ва юртимизнинг тоғли туманларида баъзи кунларда кучли ёғингарчилик бўлди. Улар асосан ёмғир кўринишида бўлди, айрим жойларда ёмғир аралаш қор ёғди. Тоғларда қор ёғди.
– Албатта, ана шу ёққан қорлар сабаб қиш анча совуқ бўлиши тахмин қилинган эди?
– Ҳа, январнинг ўтган даврида ҳарорат ўзгариб турди. Аммо, биринчи ўн кунлик одатдагидан илиқ келиб, айрим кунларда ҳаво ҳарорати 9-14 даража илиққача кўтарилди. Иккинчи ўн кунликда ҳарорат фони меъёрдан паст бўлди. Энг совуқ тунларда (17-18 январь) ҳарорат 5-10 даража совуққача тушди. Кузатган бўлсангиз, бу даврда ёғингарчилик кўп бўлса-да, кучсиз жадалликда бўлди. Фақат 12-13 январдагина ҳақиқий қишга гувоҳ бўлдик. Ёққан қор баландлиги 6-13 см бўлган қоплам ҳосил қилди, аммо 18-19 январга сақланди халос.
– Ҳақиқий қиш ва қор кутаётганларни келгуси кунларда хурсанд бўлиш эҳтимоли борми?
– Ойнинг охиригача об-ҳаво нобарқарор бўлади. Туркманистондан кирган нам ва илиқ ҳаво оқимлари ҳароратнинг кечаси 0-3 даража илиққача, кундузи 6-9 даража илиққача кўтарилишига олиб келади, ёмғир ёғади. Келаётган якшанбада ҳарорат пасайиши кутилмоқда. Кечаси 2-5 даража совуқ, кундузи 0-3 даража илиқ бўлади, қор ёғади. 27-31 январь кунлари ёғингарчиликсиз ўтади, ҳарорат кечаси 2-7 даража совуқ, кундузи 0-5 даража илиқ атрофида бўлади.
– Февралда ҳарорат кескин совуқ бўлиб, қор ёғиши мумкинми?
– Тошкентда ўтган даврда мисол учун, 2015, 2016 йилларнинг февралида ҳақиқий баҳор об-ҳавоси кузатилган. Ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан 3-4 даражага юқори бўлиб, 7-8 даража илиқ бўлган. Натижада ойнинг охирига келиб бодом, ўрик ва бошқа эртапишар меваларнинг гуллаши кузатилган.
Баъзида бу ойда ҳақиқий қишнинг совуқ кунлари юз берган. Масалан, 1969 йилнинг февралида ўртача ойлик ҳарорат 7-9 даража совуқ бўлган, бу меъёрдан 11-12 даража паст бўлган. Албатта, бу анча узоқ ўтмиш. Яқин йилларни ҳисоблайдиган бўлсак, охирги 20 йилда энг совуқ февраль 2014 йилга тўғри келган. Ўртача ойлик ҳарорат 2-4 даража совуқ бўлган ва бу меъёрдан 5-6 даражага пастдир.
Энг кўп ёғингарчилик эса 2010 ва 2017 йилга тўғри келган. Ойлик ёғинлар миқдори меъёрдан 1,9-2.1 марта ортган. Энг қуруқ февраль эса 2016 йилда кузатилган.
Дастлабки ҳисобларга қараганда, февраль ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунлигида ҳарорат манфий кўрсаткичларга тушадиган қисқа муддатли совуқ даврлар бўлиши мумкин. Ойнинг охиригача эса ҳавонинг илиши кутилмоқда.
– Демак, олдида қорли кунлар бўлиш эҳтимоли жуда кам? Ўртача йиллик ҳаво ҳароратининг кўтарилиши кузатилмоқда. Бу иқлим ўзгаришига қанчалик боғлиқ?
– Сайёрамизнинг турли минтақалари учун ҳароратнинг ўсиши турлича. Глобал исиш ўзининг вақтинчалик хусусиятларига эга, яъни қайсидир даврда у тезроқ кечса, бошқа даврларда ҳароратнинг ўсиш суръатлари секинлашади.
Ер шари бўйича 1880 йилдан бошлаб ҳарорат ўртача 10 йилда 0,06 даража тезликда кўтарилмоқда. Ҳарорат кўтарилишининг энг тез суръатлари 1951 йилдан 1997 йилгача бўлган даврга тўғри келади. Ҳарорат 10 йилда 0,12 даража тезликда кўтарилди.
Ўзбекистон иқлим ўзгаришига кўпроқ мойил ҳудуд ҳисобланади. Иқлим илиши ўртача жаҳон кўрсаткичларидан 2 мартадан кўп ошмоқда. Тошкент учун масалан, ўртача йиллик ҳароратнинг тўсиш суръатлари 1890 йилдан бошлаб 10 йилда 0,12 даражани ташкил қилади.
Иқлим ўзгариши соҳасидаги энг нуфузли экспертларнинг прогнозларига кўра илиш суръатлари ўсиб боради. Бунда иссиқ тўлқинлар сони ортади, иссиқ даврлар давомийроқ, совуқ даврлар қисқароқ бўлади.
Бироқ, ҳароратнинг кўтарилиши иқлим ўзгаришининг ягона омили эмас. Ўртача ҳаво ҳароратининг ўсишидан ташқари қурғоқчилик, кескин исиш, совуқ уриши, кучли ёғинлар, сел каби экстремал ҳодисалар сонининг ортишига олиб келади.
Ўзбекистон учун иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари асосан сув ресурслари соҳасига дахл қилади. Марказий Осиё тоғли ҳудудларида қор захираларининг қисқариши, музликлар деградацияси, дарё ҳавзаларида парланишнинг кучайиши сув ресурслари танқислигига сабаб бўлиши мумкин. Бунда қишлоқ хўжалик фаолиятини юритиш мураккаблашади, аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш эса катта харажатлар талаб этади.