Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларига гувоҳнома ҳамда кўкрак нишонларини топширишга бағишланган тантанали маросим ўтказилди.
Парламент сайловлари натижаларига кўра, Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутатини ва Сенатининг 97 нафар аъзосини рўйхатга олди. Сенат аъзоларининг 13 нафари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 январдаги фармонига асосан тайинланган.
Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов миллий парламентимизнинг янги сайланган ва Президентимизнинг фармонига биноан тайинланган аъзоларини халқ вакили бўлишдек шарафли мақомга мушарраф бўлгани билан табриклади.
Сайловчиларнинг, яъни 33 миллионлик халқнинг, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг юксак ишончига сазовор бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган юксак шарафдир.
“Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида очиқ, ошкора ва кучли рақобат муҳитида ўтган бу галги парламентва маҳаллий кенгашлар сайловларида депутатлик, сенаторлик мандатига эришиш ҳеч кимга осон кечгани йўқ. Бу – эркин, демократик жамият учун табиий ҳодиса.
Ўтган сайловлар натижасида замонавий Ўзбекистон тарихида илк бор реал рақобатга асосланган миллий парламентимиз шакллантирилди. Халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилганидек, сайловлар ҳам мазмун, ҳам шакл жиҳатидан мутлақо янгича ўтди. Бу мамлакатимиз эндиликда бутунлай янги – демократик ўзгаришлар йўлидан дадил бораётганининг ёрқин ифодасидир.
Янгиланаётган Ўзбекистоннингянги парламентидан халқимизнинг умиди катта. Зеро, энди ҳар бир депутатнинг ва ҳар бир сенаторнинг зиммасида ҳар бир сайловчи, ҳар бир фуқаро, бутун халқимиз ва Президентимиз олдида юксак масъулият юки бор. Бу муқаддас юкнинг номи – халқимиз фаровонлигини янада ошириш, Ўзбекистонимизнинг энг ривожланган демократик давлатлар сафидан мустаҳкам жой олиши учун шу юрт фарзанди сифатида муносиб ҳисса қўшиш.
Тадбирда парламент аъзолари энди ўзининг бор куч-ғайрати, улкан илмий, ижодий ва лидерлик салоҳиятини ҳамда инсоний фазилатларини халқимизнинг ва мустақил Ватанимизнинг равнақи йўлида сафарбар этади, деган умид билдирилди.
– Бугун янги сайланган сенатор ва депутатларга гувоҳнома ва кўкрак нишони топширилди, шу қаторда туришнинг ўзи катта масъулият юклайди, –дейди Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси, сенатор Эльмира Боситхонова. – Президентимизнинг фармонлари билан сенаторликка тайинландим. Ушбу юксак ишончга жавобан сенаторлик фаолиятимизни халқимиз талаб қилгандек, Президентимиз талаб қилгандек янги руҳда, бор куч ва имкониятимизни ишга солган ҳолда олиб боришимиз лозим. Ўйлайманки, янги шаклланган парламент ўз фаолиятини мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда олиб боради.
– Президентимизнинг фармони билан сенаторликка тайинланишим бугунги кунда ёшларга қаратилаётган эътиборнинг яна бир ёрқин намунаси, деб ўйлайман, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев. – Ёшлар етакчиси сифатида айтмоқчиманки, бизга билдирилган юксак ишончни оқлаб, ёшлар ташаббусларини бирлаштириб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшамиз.
– Янги сайланган депутат сифатида фаолиятимизни бошлаш арафасидамиз, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умида Раҳмонова. – Халқимиз фаровонлигини ошириш, мамлакатимизнинг энг ривожланган демократик давлатлар қаторидан жой олиши учун ўз ҳиссамизни қўшамиз. Парламентда хотин-қизлар ва ёшларнинг сони ортгани жамиятнинг ҳар бир бўғини билан ишлашда муҳим аҳамиятга эга.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА мухбири