Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси суд идоралари томонидан ўтган йилда амалга оширилган ишларнинг якунларига бағишланган оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди раиси Г.Базарбаева, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди раиси К.Тарихов, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси А.Адилов, Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий суди раиси Г.Зарипова ўтган йилда амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берди.
Таъкидланганидек, юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлардан мақсад инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолати сифатида суд ҳокимиятининг нуфузини янада мустаҳкамлаш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уни ҳақиқий адолат қўрғонига айлантириш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ўрни ва ролини кучайтиришдир.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тизим нуфузини ошириш, судларни ихтисослаштириш билан бирга халқ, унинг тақдири, ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилишнинг юксак ифодаси бўлди.
Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди раиси таъкидлаганидек, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан ҳисобот даврида 1245 (2018 йил 1793) нафар шахсга нисбатан 1040 та (1453) жиноят иши кўриб тамомланган. Тамомланган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28,0 фоизга, шахслар сони эса 30,5 фойизга камайган. Судланган шахслар 761 нафарни ташкил қилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга солиштирилганда 33 фоизга камайди. Мазкур даврда кўриб тамомланган жиноят ишларининг 463 таси ёки 44,5 фоизи сайёр суд мажлисида кўрилган.
Бундан ташқари Маҳалла, Хотин-қизлар ва ёшлар иттифоқи кафилликлари асосида 59 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди. Шунингдек, жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси ва туман судлари томонидан умумий кўрилган ишларга нисбатан 62,5 фоизини ташкил этган 650 иш бўйича хусусий ажрим чиқарилиб, унинг муҳокамасида бевосита судялар иштирок этишган.
Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди раиси маълум қилишича, ҳисобот даврида фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 7353 та (2018 йилда 8330 та) фуқаролик иши кўриб тамомланган. Бу ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 977 тага камайган.
Кўриб тамомланган 7353 та ишнинг 6050 таси (82,3 фоизи) бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган. Шундан 5330 (88,1 фоиз) иш бўйича даъво ариза қаноатлантирилган, 720 (11,9 фоизи) иш бўйича даъво ариза рад қилинган. Бундан ташқари 808 (10,9 фоизи) иш ҳаракатдан тугатилган ва 495 (6,7 фоизи) даъво ариза кўрилмасдан қолдирилган. Жами кўрилган 7353 ишдан 2739 та (2018 йилда 3010) фуқаролик ишлари сайёр суд мажлисларида кўриб тамомланган. Бу ишларнинг 37,3 (36,1) фоизини ташкил этади.
Қорақалпоғистон Республикаси Маъмурий суди раиси таъкидлаганидек, 2019 йилнинг якуни бўйича Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, туман ва шаҳар маъмурий судлари томонидан 23731 нафар шахсга нисбатан 21038 та маъмурий иш кўриб тамомланган. Мазкур ишларнинг 12328 таси ёки 56,1 фоизи сайёр суд мажлисида кўрилган.
2019 йил давомида кўриб тамомланган 15330 нафар шахсга нисбатан 13779 та маъмурий иш бўйича маъмурий жазо қўллаш ҳақида қарор чиқарилган, 8401 (6300) нафар шахсга нисбатан 7259 та маъмурий иш ҳаракатдан тугатилган. Биринчи босқич судлари томонидан жами 1742 та материал кўрилиб, шундан 1531 та материал бўйича илтимоснома қаноатлантирилган ва 211 та илтимоснома рад этилган.
Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий суди раисининг қайд этишича, ўтган йилнинг якуни бўйича иқтисодий судлар томонидан 7794 та иш кўриб чиқилган. Шундан, 7169 та (73,1 фоизи) иш сайёр суд мажлисида кўрилган.
Кичик бизнес субъектлари ва якка тадбиркорлар иштирокида жами 5872 та иш кўрилиб, уларнинг фойдасига 26,2 миллиард сўм ундириш ҳақида суд қарори чиқарилган. Шундан, деҳқон ва фермер хўжаликлари иштирокида жами 2972 та иш кўрилиб, уларнинг фойдасига 1,6 миллиард сўм ундирилди.
Шартнома шартларини ва тўлов интизомини бузган хўжалик юритувчи субъектларнинг лавозимли шахсларига нисбатан 22 та маъмурий, 20 та моддий, 54 та интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги ва 10 та бошқа турдаги, жами 106 таъсир чоралари қўлланилди. Ихтиёрий тўланган давлат божлари миқдори 1,4 миллиард сўмни ташкил қилди. Шунингдек, 8 миллиард 783 миллион 350 минг сўм давлат божини бюджетга ундириш бўйича ижро варақалари берилган.
Тадбирда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши кураш борасида “Менинг маҳаллам-менинг судьям” ғояси асосида ҳамкорликда ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб бориш, сайёр суд мажлисларида оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштирокини таъминлаш тўғрисида ҳам сўз юритилди.
Матбуот анжумани иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА