Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасининг энг олис овулларида ҳам ватанпарварлик ойлиги доирасидаги тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга маълум қилди
Ҳарбий округ ватанпарварлик карвонининг навбатдаги манзили Мўйноқ тумани бўлди. Эрта тонгдан Нукус шаҳридан сафарга отланган ҳарбий хизматчилар аҳолига хушкайфият улашиш, умумхалқ байрамига айланган Ватан ҳимоячилари куни байрами шукуҳини тарқатишни мақсад қилишди.
Биринчи манзил Мўйноқ туманига қарашли энг узоқ жойлашган ҳудудлардан бири – “Бўзатов” овул фуқаролар йиғинига қарашли Қипчоқдарё овулида жойлашган 10-сонли умумтаълим мактаби бўлди. Маҳаллий аҳолининг сўзларига қараганда бу овулда биринчи марта ҳарбий ватанпарварлик карвони меҳмон бўлмоқда. Кўзларида қувонч билан ҳарбийларни қарши олаётган ёши улуғ отахону онахонлар, ҳарбий акаларига бўлган қизиқишларини яшира олмаётган болажонлар меҳмонларни пешвоз кутиб олди.
Округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари подполковник Нуриддин Қодиров, туман ҳокими Ерполат Еденбаев ҳамда “Нуроний” жамғармаси Мўйноқ тумани раиси Жанабай Жусимов сўзга чиқиб, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган мана шундай тадбирларнинг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Навбатдаги манзил Мўйноқ шаҳридаги деҳқон бозори бўлди. Уй-рўзғорни ўйлаб, бозорлик қилиб юрган юртдошларимиз тўсатдан ҳарбий оркестр садоларини ўзгача қувонч билан қарши олишди.
Кейинги икки манзилда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бўлинмалари томонидан Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш ҳамда Мўйноқ туманидаги ободонлаштириш ишларида жонбозлик кўрсатаётган ҳарбий хизматчилар жойлашган ҳудудларда “Мардлик ва жасорат” дарслари, концерт дастури ва кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Нукус гарнизони ҳарбий оркестри, ҳарбий хизматчиларнинг саф ва қўл жанги элементлари билан кўргазмали чиқишлари Ватан ҳимоячилари куни байрамининг шукуҳини юртдошларимизга тарқатишга, аҳолига хушкайфият улашга хизмат қилди.
ЎзА