2020 йилдан бошлаб пахта хомашёси экспорти тўхтатилиб, пахта толасини мамлакатнинг ўзида тўлиқ ишлаш режимига ўтилади. Бу ҳақда тўқимачилик саноати истиқболлари мавзусига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
“Иқтисодиётнинг асосий тармоқларидан бири бўлган тўқимачилик саноатини ривожлантириш учун икки босқич бор. Биринчиси, пахта толасини ўзимизда тўлиқ ишлаш. Иккинчиси, ип калавани чуқур қайта ишлаб, қўшилган қиймат солиғини оширган ҳолда кўпроқ тайёр маҳсулотни экспортга йўналтириш. Биз ҳозирда биринчи босқич арафасидамиз. 2020 йилдан пахта хомашёсини экспорт қилиш тўхтатилади. Пахта толасини ўзимизда тўлиқ қайта ишлашга ўтмоқчимиз”, дейди Иқтисодиёт вазирлиги мутахассиси Қувончбек Мустафоев.
Маълум қилинишича, Европа Иттифоқи бозорига тўқимачилик маҳсулотлари билан кириб бориш ҳозирда соҳа олдидаги асосий масалалардан бири ҳисобланади. “Европа Иттифоқи дунё бўйича тайёр кийим, тўқимачилик маҳсулотларининг асосий истеъмолчиси ҳисобланади. Биз бу бозорга кириб боришимиз керак. Бунинг учун 2020 йилда GSP+ тизимига ўтишга ҳаракат қилинмоқда. Бу тизим Евроиттифоқ бозорига яхшироқ кириб бориш имконини беради”, дейди Иқтисодиёт вазирлиги вакили.
Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистон GSP (Generalized system of preferences ─ имтиёзлар умумий тизими) тизимида. Бу Евроиттифоқ бозорига 3000 товарни бож тўловисиз, 3200 товарни эса пасайтирилган ставкаларда экспорт қилиш имконини беради. Агар GSP+ тизимига ўтилса, 6000дан ортиқ товарни бож тўловисиз экспорт қилиш имкони қўлга киритилади.

 

ЎзА