Ушбу саволга Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти ходими, подполковник Жумаев Сайфиддин Қодирович батафсил жавоб берди.

 

Сўнгги йилларда халқ хўжалигида, хусусан турар жой биноларидаги ёнувчан газнинг портлаши билан боғлиқ бўлган аянчли ҳодисалар, юқори босим остидаги газ баллонларини қўллашда ёнғин хавфсизлиги нуқтаи назаридан алоҳида эътибор талаб қилмоқда. Газ сақланадиган баллонлардан тўғри фойдаланишни билиш хавф даражасини пасайтириш, талофат ва қурбонларнинг олдини олишга кўмак беради.

Мазкур масалани ҳал этиш учун республикамиз аҳолисига газ баллонлари ва улардан тўғри фойдаланиш тўғрисида содда, аниқ маълумотлар бериш, замон талабига мос келадиган юқори сифатли маиший газ баллонлари тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.

Табиий газ – бу асосан (98%) метан (СН4) ҳамда 2% бошқа оғир углеводородлар (пропан, бутан, этан, гексан ва бошқалар)дан иборат бўлган газдир.

Қайта ишлангунгача табиий газ ҳидсиз, рангсиз ва тамсиз бўлади. Газ сизиб чиққанда уни ҳидини сезиш учун унга одорандлар қўшилади. Одорант ўзига хос ҳидга эга бўлган этилмеркоптан (суюқликдир).

Табиий газга 1000 м3 ҳисобига ёз пайтида 16 грамм, қиш пайтида эса19 грамм этилмеркоптан қўшилади.

Табиий газ одам организмига бўғувчи газ тарзида (ҳавода 10% дан ортиқ концентрацияси мавжуд бўлганда, одамнинг бўғилишга сабаб бўлади)таъсир қилади.

Табиий газ – портловчи ва ёнувчи газдир. Газларнинг ҳаво билан аралашмаси эса портлайди.

Табиий газ портлаш чоғида 1 см2 майдон ҳисобига ўртача 8 кг. куч билан зарба бериши мумкин.

Метан билан ҳаво аралашмаси алангасининг тарқалиш тезлиги 0,67 м/с. Табиий газнинг ёниш ҳарорати эса 2100 0С.

Баллонлар – суюлтирилган ва сиқилган газларни сақлаш учун мўлжалланган сиғимлар ҳисобланади. Баллонлар пайвандлаган ёки бутун чўзилган, юқори қисми торайган сиғим бўлиб, пастки қисмида мустаҳкамлиги учун таглик ва юқори қисмида 2 та уланиш резьбалари мавжуд. Баллоннинг юқори қисмида паспорт маълумотлари ўйиб ёзилган бўлади, яъни ишлаб чиқарувчи завод, баллон рақами, ишлаб чиқариш санаси, кейинги синов санаси, ишчи ва синов босими, “ОТК” (Техник назорат бўлими) тамғаси. Баллонларни қайта текшириш 5 йилда бир марта ўткзилади ва баллонда кейинги синов санаси ўйиб ёзилади.

Баллонлар қуйидагиларга бўлинади:

  1. Газнинг турига кўра: кислород, ацетилен, пропан ва бошқалар;
  2. Бўялишига кўра: кислород-кўк, ацетилен-оқ, пропан ва метан-қизил, углекислий газ-қора, водород-яшил, аргон-кулранг, гелий-жигарранг;
  3. Ёзув матни ва ранги: Ацетилен-қизил, водород-қизил, кислород-қора, пропан-оқ, қора, бошқа газлар-оқ;
  4. Тузилиш бўйича – бутун чўзилган, пайвандланган:

 

Пўлат газ баллонларининг кўриниши.

 

Пропаннинг кимёвий формуласи – С3Н8, рангсиз газ бўлиб, молекуляр массаси 44,096 кг/м3 ни ташкил қилади, ҳаводан оғир, ёнувчан, чақнаш температураси -96  оС, ўз-ўзидан алангаланиш температураси 470 оС, максимал портлаш босими 843 кПа ни ташкил қилади. Пропан махсус баллонларда сақланади, транспортировка қилинади ва фойдаланилади.

Пропан баллонлари ҳажми бўйича 4 хил: 5, 12, 27, 50 литр бўлиб, ҳозирги вақтда асосан 27 ва 50 литр ҳажмли баллонлардан фойдаланилмоқда.

27 литрли баллон – жўмраги – ГОСТ 21804-94, конуссимон резбали, баллон қизил рангга бўялган, В Ст.3 сп русумли пўлатдан бажарилган. Геометрик ўлчамлари: баландлиги 600 мм, диаметри – 299 мм, корпус деворининг қалинлиги – 3 мм. Бўш баллон оғирлиги – 14,4 кг, тўлдириладиган газ оғирлиги – 11,4 кг, сиғими 27 литр, ишчи босим – 160 Атм, синов босими-250 Атм.

50 литрли баллон – жўмраги – ГОСТ 21804-94, конуссимон резбали, баллон қизил рангга бўялган, В Ст.3 сп русумли пўлатдан бажарилган. Геометрик ўлчамлари: баландлиги 960 мм, диаметри – 299 мм, корпус деворининг қалинлиги – 3 мм. Бўш баллон оғирлиги – 22 кг, тўлдириладиган газ оғирлиги – 21,2 кг, сиғими 50 литр, ишчи босим – 160 Атм, синов босими – 250 Атм.

Фуқаролар баллонларда текширувни амалга ошириши ва зарур тезкор шароитларда хавфсизлик чораларига бепарво ҳолда қарамасликлари лозим.  Истеъмолчилар кўпинча хавф-хатарни ўйламасдан, пулни тежашга интилади. Шу боис, арзон ва фойдаланилган (қўлбола ясалган) газ баллонларини ҳарид қиладилар. Шуни ҳам эътиборга олиш керакки, юқори ҳароратда газ кенгайиб, босим ортиши натижасида баллондан чиқиш йўлларини қидиради. Кўп ҳолларда, истеъмолчилар газ баллонларини ташқи томонда, яъни қуёш нурлари тушиб турадиган жойларда сақлашади, бу эса жуда хавфли ҳисобланади.

Пропан газ баллонларининг белгиланиши ва бўялиши. Пайвандлаш пўлат пропан (пропан-бутан) газ баллонлари ГОСТ 15860-84 ва ГОСТ 949-73 меъёрий ҳужжатига кўра, ёзувлари оқ рангда ва кўриниши  қизил ранг билан бўялади.

Пропан газ баллонларининг паспорти. Пропан баллонларининг маҳкамловчи вентилининг пастки қисмида махсус металл доира ўрнатилади ва белгиланган ёзувлар киритилади.

 

Пропан газ баллонларининг паспортидаги маълумотларнинг кўриниши.

 

Пропан газ баллонларинининг паспортида қуйидаги кенгайтирилган маълумотлар ёзилади:

  1. Пропан баллонининг ишчи босими (1 МПа ~ 10 атм).
  2. Пропан баллонини текшириш (синов) босими.
  3. Пропан баллони ҳажми.
  4. Пропан баллонини ишлаб чиқарган корхонанинг рақами.
  5. Пропан баллонини ишлаб чиқарилган санаси «ММ.ГГ.АА» форматида, «ММ» пропан баллонини ишлаб чиқариш санаси, «ГГ» – ишлаб чиқарилган йили, «АА» – баллонни текширувдан ўтказиш йили.
  6. Баллонни ишлаб чиқарилган вақтда бўш ҳолда оғирлиги.
  7. Пропан баллонини ўртача тўлдирилган ҳолдаги оғирлиги.
  8. Пропан баллонини кейинги кўрикдан ўтказилгандаги маълумоти “Р-АА” форматида, “Р” – баллонни кўрикдан ўтказган корхона ёки объектни тамғаси, “АА” – кўрикдан ўтказилган йили.

Газ баллонларида асосан қуйидаги ҳолатларда портлаш хавфи ҳосил бўлиши мумкин:

  • Баллондан газни юқори тезликда чиқиши унда статик электр ҳосил бўлиб, газ жўмраги орқали баллондаги чиқиш жойини электрлаштириши натижасида учқун ҳосил қилиши мумкин.
  • Баллондаги газ босимининг рухсат берилган босимдан ошиши (баллондаги босимнинг қуёш нури ёки бошқа иссиқлик манбаи таъсирида)
  • Баллон металининг емирилиши натижасида деворининг юпқаланиши, баллонни бажаришда талабга жавоб бермайдиган материаллардан фойдаланганда, қишки вақтда ҳаво ҳароратининг пасайиши билан баллон металининг пластиклик хусусияти пасайиб, зарб етказилганда баллон метали парчаланиши;
  • Баллонларнинг ўз вақтида техник созлиги ва яроқлилиги махсус рухсатномага эга бўлган ташкилотлар томонидан текширувдан яъни махсус лабораторияда синовидан ўтказмасдан узоқ вақт давомида эксплуатация қилиш давомида портлаши ёки ёрилиши мумкин.
  • Баллонлар бино иншоотларнинг ичида ёки атмосфера ёғинлари ва қуёш нуридан ҳимояланган ҳолда ташқарида сақланиши зарур. Бу талаб “Аҳоли кўп йиғиладиган масканлар учун ёнғин хавфсизлиги қоидалари. ЁХҚ-01-97” нинг 2.2-бандида – Ошхонадаги ва бошқа плиталарни газ билан таъминлайдиган газли баллон сиғимлари (12 литр ҳажмдан юқори бўлса) бинога кириш жойидан 5 метрдан кам бўлмаган масофада, деворнинг эшик ромлари ўрнатилмаган томонига ёнмайдиган материалдан қурилган алоҳида хона ёки махсус қутига ўрнатилиши, бунда баллонлар сони 3 тадан кўп бўлмаслиги кераклиги белгилаб қўйилган.

Демак, газ баллонларида портлаш хавфи ҳосил бўлиши мумкин бўлган ҳолатларининг олди олиш ва юқорида келтирилган талабларга риоя қилиш, газ баллонлари билан боғлиқ содир бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай кўнгилсизликларнинг олди олинган бўлади.