Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ректори Байрам Отемуратов 13-14 сентябрь кунлари институтдаги барча факультетларга ташриф буюриб, гуруҳ сардорлари бўлган фаол талаба-ёшлар билан учрашди.
Ҳаммага маълумки, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб республикамиздаги олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитишни «стипендияли» ва «стипендиясиз» шаклда ташкил этиш, шунингдек, барча талабалар учун 400 минг сўмлик стипендия тўланиши бўйича ислоҳотлар амалга оширилиши кутилмоқда. Бу кўпгина талабалар ва уларнинг ота-оналари ўртасида тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда.
Шундай тушунмовчиликларнинг олдини олиш, талабаларга бу бўйича кенг тушунча бериш – учрашувнинг асосий мақсади бўлди.
Институт ректори аввалги ва энди жорий этилаётган тизим бўйича тақдимот қилиб, буларнинг барчаси талабалар ва уларнинг ота-оналари учун катта имконият эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
– Мазкур тизим жорий этилиши орқали шу кунга қадар ҳар бир олий таълим муассасасида фақатгина яхши баҳо олиш учун ўқиш, бунинг учун коррупцион ҳолатларни келтириб чиқариш каби салбий иллатлар йўқ бўлади. Контракт суммасини кўпинча ота-оналар тўлайди. Базавий тўлов-контракт суммасининг камайтирилиши ва уни ҳар ойда тўлаб бориш имкониятининг яратилиши ўғил-қизларининг контракт тўловини тўлашда ота-оналар учун катта имконият яратади, – деди институт ректори. – Шунингдек, стипендия миқдори фақат 400 минг сўм деган ҳаёлда қотиб қолмаслик керак. Агар талаба яхши баҳоларга ўқиса, стипендиясига 50 фоизлик, шунингдек, қўшимча 20 фоизлик рағбатлантирувчи маблағ қўшилиши мумкинлигини таъкидлаб ўтишимиз керак.
Тадбирда талабалар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.
Ислам Матеков,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.
Муаллиф олган расмлар.