Замонавий агрологистика марказлари қишлоқ хўжалигида кооперацияни кенгайтиради

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 июль куни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат товарлари сифатини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. 

Мамлакатимизда йилига 20 миллион тонна мева-сабзавот етиштирилади. Лекин уларни саноат усулида қайта ишлаш даражаси атиги 15 фоиз бўлиб, шундан 7-8 фоизи экспорт қилинмоқда. Инфратузилма етарли эмаслиги туфайли йиғиштириш ва сақлаш жараёнида 30 фоиз маҳсулот йўқотилмоқда.

Соҳадаги имкониятлардан оқилона фойдаланиб, маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш кенгайтирилса, озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш ва экспорт ҳажмини ошириш мумкин.

Давлатимиз раҳбари бунинг учун, аввало, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилиш жараёнларини қамраб оладиган замонавий агрологистика марказларини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда юртимизда 31 та агрологистика маркази, 1 минг 500 та совуткич омбори бор. Уларда жами етиштириладиган мева-сабзавотнинг 4,5 фоизинигина сақлаш мумкин. Бу жуда кам, албатта.

Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат маҳсулотлари нархи барқарорлигини таъминлаш, бозорга доимий етказиб бериш учун кенг инфратузилма яратиш зарурлигини таъкидлади.

2025 йилга қадар совуткичлар сонини 4 минг 500 тага, агрологистика марказларини 140 тага етказиш вазифаси қўйилди. Осиё тараққиёт банкининг имтиёзли кредити иштирокида Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида агрологистика марказлари барпо этиш, Жиззах, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида ҳам бу борадаги ишларни бошлаш юзасидан топшириқлар берилди.

Йиғилишда маҳсулот етиштирувчилар билан қайта ишловчи корхоналар ўртасида кооперация алоқалари йўлга қўйилмагани кўрсатиб ўтилди.

Масалан, мева-сабзавотнинг 65 фоизи, гўшт ва сут маҳсулотларининг 93-95 фоизи деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида етиштирилмоқда. Бироқ, шу маҳсулотларни қайта ишловчи корхоналар 50-60 фоиз қувват билан ишламоқда. Ўтган йили мева-сабзавотнинг 19 фоизи, гўшт ва сут маҳсулотларининг 16 фоизигина саноат даражасида қайта ишланган, холос.

Кооперация аҳоли етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саноатга жалб қилишнинг энг самарали йўли. Бу орқали, биринчидан, аҳоли даромадли бўлади, иккинчидан, саноат узлуксиз хомашё билан таъминланади, деди Президент.

Яна бир мисол. Одатда узум, қовун, тарвуз, қовоқ ва анорнинг уруғи ташлаб юборилади. Хорижда бу уруғлар қайта ишланиб, тансиқ маҳсулотлар тайёрланади. Хусусан, бир килограмм тарвуз уруғи ёғи жаҳон бозорида 28 доллар, анор уруғиники эса 350 доллар туради. Юртимизда ҳам ушбу маҳсулотларни йиғиб олиш ва қайта ишлаш йўлга қўйилса, йилига 250 миллион долларлик экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига ҳар бир туманда камида бештадан қишлоқ хўжалиги кооперацияларини ташкил этиш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш вазифаси қўйилди.

Қишлоқ хўжалиги корхоналари қўшилган қиймат солиғига ўтаётгани ишлаб чиқариш ва улгуржи савдони ривожлантириш билан бирга, кооперацияни кенгайтиришга ҳам замин яратиши қайд этилди.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, ташқи бозордаги рақобатбардошлиги малакали лаборатория текширувига ҳам боғлиқ. Йиғилишда бу борада ҳам қилинадиган ишлар кўплиги кўрсатиб ўтилди. Озиқ-овқат маҳсулотларини синаш бўйича Жаҳон савдо ташкилотининг талабларига мос 775 та стандарт бўлса, мамлакатимизда уларнинг 100 таси жорий қилингани, 100 дан ортиқ лабораториядан атиги 10 таси халқаро даражада аккредитациядан ўтгани танқид қилинди. Бу корхоналаримиз маҳсулотларини экспорт қилиш, импорт товарларнинг эса сифатини текширишда қийинчиликлар туғдирмоқда.

Шу боис “Ўзстандарт” агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва тегишли инспекцияларга озиқ-овқат сифати бўйича халқаро стандартларни 500 тага етказиш, тўлиқ синовлар ўтказиш имконига эга лабораториялар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Агросаноатни жадал ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун қишлоқ хўжалиги соҳасида мега лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

 

ЎзА