Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органлари ходимларини мобил видеокузатув воситалари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор талабларига кўра, йўл-патруль хизмати инспекторларини боди-камералар билан таъминлаш ҳамда уларни ишга тушириш муддати 2020 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди.
Бу ҳақда ЎзАга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айнан шу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳамда уларнинг ижрочилари, бу ишга масъуллар, бажариш муддатлари белгилаб берилган.
Қарор ижроси бўйича жуда кўплаб ишлар амалга оширилди. Боди-камералар харид қилинадиган ташкилот аниқ бўлди. Энди бутун диққат-эътибор маълумотларни сақлаш қурилмаларини харид қилиш, дастурий таъминотни ишлаб чиқишга қаратилган. Бу вазифанинг ҳам асосий қисми бажарилган. Эртага йўлларда турли келишмовчиликлар ва зиддиятлар, баҳс-мунозаралар келиб чиқмаслиги айнан мана шу дастурий таъминотнинг тўғри ва аниқ ишлашига кўп жиҳатдан боғлиқ.
ЎзА