Ўзбекистон Бош прокурори Афғонистон Бош прокурори билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Отабек Муродов Афғонистон Ислом Республикаси Бош прокурори Мохаммад Фарид Хамиди бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув давомида меҳмонларга прокуратура органлари фаолиятининг устувор йўналишлари ва асосий ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.
Учрашув иштирокчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан Афғонистон Ислом Республикаси Бош прокуратураси ўртасидаги ҳамкорлик профессионал алоқаларни йўлга қўйиш ва шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш орқали изчиллик билан ривожланаётганлиги таъкидланди.
Суҳбат асносида ўзаро манфаатли бўлган кенг қамровли масалаларни муҳокама қилинди ва идоралараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари бўйича фикр алмашилди. Хусусан, Афғонистон прокуратураси органлари ходимларини Ўзбекистон Бош прокуратураси Академиясида ўқитиш масаласига эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан Афғонистон Ислом Республикаси Бош прокуратураси ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжатнинг амалда татбиқ этилиши ҳуқуқий соҳада ахборот ва илғор тажриба алмашиш орқали икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланишини янги босқичга кўтаради.
Афғонистон делегациясининг ташрифи шаклланган сермаҳсул алоқаларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам эканлиги қайд этилди.
Учрашув якунида жаноб М.Хамиди самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ўзаро манфаатли идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

 

ЎзА