Ўзаро ишонч – хавфсизлик ва барқарорликнинг энг муҳим шарти

Душанбе, 15 июнь. ЎзА махсус мухбири Матназар ЭЛМУРОДОВ хабар қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммитида иштирок этиш учун 14-15 июнь кунлари Душанбе шаҳрида бўлди.
Осиё – турли дин ва маданиятлар бешиги, улкан табиий ресурсларга бой, инсон капитали ва иқтисодий жиҳатдан жуда тез ўсаётган минтақа. Жаҳонда глобаллашув кескин тус олган бугунги кунда қитъа давлатларини қатор муаммолар ва турли кўринишдаги таҳдидлардан холи, деб бўлмайди.
Жумладан, халқаро терроризм, диний экстремизм, одам савдоси ва трансмиллий жиноятчилик, иқтисодий буҳронлар, экологик ва гуманитар инқирозлар қитъа мамлакатлари олдига ўзаро ва кўп томонлама сиёсий мулоқотлар орқали тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланишга эришиш мақсадларини қўймоқда. Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) шу жиҳатдан давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган халқаро платформа саналади.
Минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича ёндашувларни ишлаб чиқиш, оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олиш, терроризмнинг барча шакл ва кўринишлари, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш, аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳамкорликни кенгайтириш ОҲИЧКнинг асосий мақсадлари ҳисобланади.
Кенгашга бугунги кунда Осиё қитъаси ҳудуди ва аҳолисининг 90 фоизини қамраган 27 давлат аъзо. Саккиз мамлакат ва бешта нуфузли халқаро тузилма, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси, Халқаро меҳнат ташкилоти, Туркий тилли мамлакатлар Парламент ассамблеяси унинг кузатувчиларидир.
Ҳар тўрт йилда ўтадиган кенгаш саммитига шу вақтга қадар Қозоғистон, Туркия ва Хитой Халқ Республикаси раислик қилган. 2018-2020 йилларда Тожикистон Республикаси кенгаш раиси сифатида фаолият олиб бормоқда.
Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммити “Хавфсиз ва янада равнақ топган минтақа сари ягона ёндашув” мавзуида ташкил этилди.
Саммитнинг асосий тадбирлари 15 июнь куни Душанбе шаҳридаги “Кўҳи Наврўз” саройида бўлиб ўтди. Унда кенгашга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакилларидан иборат 30 дан зиёд делегация иштирок этди.
Дастлаб делегациялар раҳбарлари суратга тушиш маросимида қатнашди. Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон саммитни кириш сўзи билан очди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммитида нутқ сўзлади ҳамда иштирокчи мамлакатларнинг тинчликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётни рағбатлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Давлатимиз раҳбари замонавий халқаро муносабатлар тизими тобора ортиб бораётган беқарорлик ва кутилмаган ҳодисалар билан изоҳланаётганини таъкидлади. Улкан иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятга эга Осиё қитъаси мамлакатлари жиддий хатарларга дуч келмоқда. Бу, аввало, экология, демография, миграция, ҳаёт ва таълим даражаси пастлиги муаммоларидир. Улар ижтимоий низоларнинг асосий манбаи, экстремизм ва терроризм мафкураси тарқалиши учун шароит яратадиган муҳитдир. Айниқса, ёшлар ўртасидаги радикаллашув жараёни ташвиш уйғотади.
Бугунги кунда жаҳон ишонч инқирозига юз тутмоқда. Аслида, мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги ишонч хавфсизлик ва барқарорликнинг энг муҳим шартидир. Назаримизда, ишонч инқирозини бартараф этиш ва хавфсизликни мустаҳкамлаш учун, биринчи навбатда, инсон капиталини ривожлантиришга қулай шароит яратиш зарур. Шу муносабат билан ўзаро ҳурмат ва жамоавий масъулиятга асосланган кенгашимиз фаолияти ҳар қачонгидан ҳам муҳим бўлиб бормоқда, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари хавфсизлик бўлинмас, ишонч унинг фундаментал асоси эканини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон тинчликка эришишга қаратилган ҳар қандай форматдаги музокараларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва ушбу мамлакатда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бутун минтақа учун янги стратегик имкониятлар очади.
Ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш учун қулай шароитлар яратиш, уларнинг радикаллашувига қарши курашиш ва сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ҳам барқарорлик ва фаровонликнинг муҳим шартларидан.
Президентимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилинган, шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари Ўзбекистон фан, таълим соҳаларидаги ва маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорликнинг мувофиқлаштирувчиси бўлишга тайёр эканини билдирди. Мамлакатимиз халқ дипломатияси доирасидаги алоқаларни, жумладан, туризм бўйича форумларни ташкил этиш орқали фаоллаштиришни муҳим деб ҳисоблайди.
Шубҳасиз, бу халқларимиз ўртасидаги ишонч ва ўзаро англашувнинг ошишига хизмат қилади, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Шавкат Мирзиёев динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйишни таклиф этди.
Тошкентдаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бунинг учун самарали платформа бўлиб хизмат қилиши мумкинлиги таъкидланди.
Иқтисодий ўзаро боғлиқлик ва минтақавий савдони ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш лозимлиги қайд этилди. Бунда, аввало, бутун минтақанинг транзит ва иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини берадиган устувор инфратузилма лойиҳаларига эътибор қаратиш лозим.
Шерикликни бизнес даражасида ривожлантириш барқарор иқтисодий тараққиёт драйвери ҳисобланади. Ушбу соҳада Ҳамкорлик концепциясига мувофиқ, Кичик бизнес бўйича минтақавий форум таъсис этишни таклиф этамиз, деди Шавкат Мирзиёев.
Саммитда кенгашга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарлари Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид ва хатарларнинг олдини олиш, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алмашувларни фаоллаштириш юзасидан ўз қарашларини баён этди. Бу борадаги якдил ёндашувлар, амалий саъй-ҳаракатлар қитъа мамлакатлари ва халқлари фаровонлиги, тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга ҳизмат қилиши таъкидланди.
Муҳокамалар якунида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш бешинчи саммитининг декларацияси қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳридаги ўзига ажратилган қароргоҳда Бангладеш Халқ Республикаси Президенти Абдул Ҳамидни қабул қилди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги шерикликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Савдо, инвестициялар, қишлоқ хўжалиги, туризм ва гуманитар соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳукуматлараро ва идоралараро даражадаги алоқаларни фаоллаштириш ва қўшма тадбирлар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити доирасида Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон билан учрашди.
Ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган Ўзбекистон – Туркия муносабатлари бугунги кунда барча соҳаларда изчил ривожланмоқда. Икки давлат раҳбарларининг мунтазам учрашув ва мулоқотлари бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Президентимизнинг 2017 йилда Туркияга, Туркия Президентининг 2018 йилда Ўзбекистонга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларда янги даврни бошлаб берди. Томонларнинг муштарак интилиши ва саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар янги стратегик шериклик босқичига кўтарилди.
Ўзаро савдо ҳажмини кенгайтириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўтган йили товар айирбошлаш 40 фоизга ўсиб, 2,2 миллиард долларни ташкил этди. Кейинги бир ярим йилда икки мамлакат сармояси иштирокида тузилган қўшма корхоналар сони 2 баробар кўпайиб, 1 минг 62 тага етди.
Давлатимиз раҳбари ушбу учрашув Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича фикр алмашиш учун қулай имконият эканини таъкидлади.
Туркия раҳбари Ўзбекистон билан муносабатлар юксак даражага кўтарилганидан мамнунлигини қайд этиб, халқларимизнинг қардошлик ришталарини бундан буён ҳам мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.
Музокарада савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм, илм-фан ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзаро савдони ошириш ва унинг таркибини кенгайтириш, яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан келишиб олинди.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига ташрифи ниҳоясига етди.

 

ЎзА