"Ўзавтосаноат": кадрлар танлашнинг янги услублари

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Ўзавтосаноат»АЖ фаолиятига йирик трансмиллий компаниялар тажрибаларига асосланган энг яхши замонавий услубларни жорий этишга бағишланган матбуот анжуманида сўз юритилди.
Тадбирда «Ўзавтосаноат», «GM Uzbekistan» акционерлик жамиятлари, Тошкентдаги Турин политехника университети вакиллари ва журналистлар иштирок этди.
«Ўзавтосаноат» АЖ ходимлар билан ишлаш бўйича бошқарма бошлиғи Л.Маматованинг сўзларига кўра, кадрларни тўғри танлаш ва қайта тайёрлаш ҳар бир корхонанинг иқтисодий самарадорлигига сезиларли таъсир кўрсатади. Ҳозирги замон бозор шароитида амалий кадрлар сиёсатисиз улкан натижаларга эришиб бўлмайди. Шак-шубҳасиз, корхонанинг ҳар бир ютуғи ортида ходимларининг матонатли меҳнати туради.
Бугунги кунда «Ўзавтосаноат» АЖ таркибига 85 тадан ортиқ корхона киради, уларда 27 мингдан ортиқ киши меҳнат қилади. Маҳаллий автосаноат 200 дан кўпроқ хорижий корхона ва ташкилот билан фаол ҳамкорлик олиб боради.
Ҳозирги вақтда акционерлик жамиятининг кадрлар сиёсати ўз ривожланишининг янги босқичини ўтмоқда. Аввалги кадрларни танлаш ва тайёрлаш тизими ўрнига ходимларни бошқаришнинг янги услублари ва HR-менежмент келмоқда. Янги кунларда персонални KPL натижадорлиги кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизими жорий этилади. Жумладан, қўйиладиган баҳолар ходимларнинг иш ҳақига таъсир этади, бу эса улар учун туртки вазифасини бажаради. Бир вақтнинг ўзида «Ўзавтосаноат» АЖ барча бўлинмаларида ташкилий тузилмалар таҳлил қилиниб, оптималлаштирилади.
Автосаноат корхоналари учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида Тошкент шаҳрида Турин политехника университети ташкил қилинди. Университет очилганига ўн йил бўлган бўлса, шу вақт мобайнида унинг негизида «Ўзавтосаноат» ва «GM Uzbekistan» акционерлик жамиятлари томонидан 20 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди.
Янги ўқув йилидан бошлаб бу ерда ўқишнинг янги йўналиши – «Автомобиль саноати» очилади. Ўқиш «Ўзавтосаноат» ва «GM Uzbekistan» билан ҳамкорликда тайёрланган дастур бўйича олиб борилади.
Шунингдек, машинасозлик соҳасида фанни ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг май ойида Италиядаги Турин политехника университети ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетлари ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди, унга кўра Polito Double degree PhD қўшма докторантура очилди. Докторантурани тугатган битирувчилар бирданига икки университет илмий даражасини олишади.
Матбуот анжуманида «Ўзавтосаноат» АЖ ходимлари журналистларнинг барча саволига жавоб беришди.

 

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА