Маълумки, инвестиция иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи – драйверидир. Кейинги йилларда бутун дунёда хорижий инвестициялар жалб этиш тобора мураккаб кечмоқда. Масалан, 2018 йилда жаҳонда инвестиция оқими 19 фоизга камайган.Шу боис, жалб этилган хорижий инвестициялардан самарали фойдаланиш, бу борада жадал ва тизимли иш олиб бориш зарур.Жорий йил 8 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари инвестицияларни жалб қилиш, қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берган эди. Шу асосда аниқ молиялаштириш манбаларини кўрсатган ҳолда Инвестиция дастури тасдиқланди. Хусусан, бу йил жами 4,2 миллиард доллар қийматидаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши белгиланган.
Йиғилишда ўтган икки ойда бажарилган ишлар танқидий таҳлил қилинди. Давлатимиз раҳбари хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳолати умуман суст кетаётганини таъкидлаб, мутасаддиларни жиддий огоҳлантирди. Айрим тармоқ ва ҳудудларда чет эллик инвесторларга тақдим этиш учун аниқ ҳисоб-китобларга асосланган лойиҳалар бўйича таклифлар йўқлиги танқид қилинди.
Президентимиз тегишли вазирлик ва ҳокимликлар зиммасига аниқ ва қатъий вазифалар юклади. Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигига энергетика, нефть-газ, кимё, машинасозлик, электр техникаси, ахборот технологиялари ва бошқа муҳим соҳаларга тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб этиш бўйича инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантириш топширилди.
Ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари инвестиция лойиҳаларини шакллантириш бўйича зарур майдонга айланмагани қайд этилар экан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича ҳар бир комиссиянинг мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди.
Бутун дунёда давлат-хусусий шериклик тизими инвестиция жалб қилишнинг муҳим омилларидан биридир. Шуни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги тузилган эди. Йиғилишда мазкур агентлик фаолиятини ташкил этишга ҳам эътибор қаратилиб, мутасаддиларга транспорт, энергетика ва хизмат кўрсатиш соҳаларида давлат-хусусий шериклик асосида чет эл капитали иштирокида амалга ошириладиган лойиҳаларни шакллантириш вазифаси қўйилди.
Янги тузилган Давлат активларини бошқариш агентлигига давлат улуши мавжуд бўлган корхоналарга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш ишларини жадаллаштириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Юқорида қайд этилган йўналишлар бўйича чет эл сармояларини жалб этиш учун хорижий давлатларда тақдимотлар – роуд-шоулар ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Бу йилги Инвестиция дастурига мувофиқ, марказлашган маблағлар ҳисобидан 3 мингга яқин объектда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилган. Президентимиз молиялаштириш ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишни тезроқ якунлаб, қурилиш ишларини қисқа муддатларда бошлаш бўйича ҳам топшириқлар берди.
Бундай дастурларни ишлаб чиқишни такомиллаштириш мақсадида лойиҳа институтларини бошқаришга хорижий тажрибани кенг жорий этиш кераклиги қайд этилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, ҳудудларда ишлаб чиқариш соҳаларига инвестиция жалб қилиш талабга жавоб бермайди. Ваҳоланки, мамлакатимизга кўп миқдорда фармацевтика ва гигиена воситалари, озиқ-овқат товарлари, болалар кийимлари импорт қилинмоқда. Аслида бундай маҳсулотларни юртимизда ишлаб чиқариш учун жуда катта имкониятлар мавжуд.
Шу боис, Президентимиз вазирлик ва идоралар раҳбарларига ўзларига бириктирилган ҳудудларга чиқиб, у ерда амалга оширилаётган лойиҳаларни жадаллаштириш, истеъмол товарларини ишлаб чиқариш учун инвесторларни ҳудудларга, жумладан, эркин иқтисодий зоналарга жалб этиш бўйича топшириқлар берди.
Халқаро молия институтлари маблағларини ўзлаштириш ҳолатига эътибор қаратилар экан, бу борадаги йиллик режани бажаришда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Соғлиқни сақлаш, Сув хўжалиги вазирликларида қолоқлик мавжудлиги қайд этилди. Мутасаддиларга ушбу йўналишдаги ишларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Баъзи жойларда зарур инфратузилма йўқлиги инвестициялар жалб этишга тўсиқ бўлаётгани, лойиҳалар учун ер ажратиш, электр энергияси, газ, сув ва канализация тармоқларига уланишда муаммолар борлиги қайд этилди. Шу муносабат билан Иқтисодиёт ва саноат, Инвестиция ва ташқи савдо вазирликларига ҳудудларнинг инфратузилма объектларини ривожлантириш бўйича 3 йиллик дастур ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Барча топшириқлар ижросини таъминлаш ва муаммоларни бартараф этишга қаратилган амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.